Жанубий Корея мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлади

Жанубий Корея парламенти дарс жараёнида мобил телефон ва смартфонлардан фойдаланишни чекловчи қонунни қабул қилди. Янги тартиб 2026 йил март ойидан кучга киради.
Қонунга мувофиқ, ўқувчилар дарс вақтида смартфон ишлата олмайди, бирок ногиронлиги бўлган ёки махсус таълимга эҳтиёж сезадиган болалар учун истисно ҳолатлар белгиланган. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳам телефонлардан фойдаланишга рухсат берилади.
Ҳужжатга кўра, ўқитувчиларга телефонлардан фойдаланишни фақат дарс вақтида эмас, балки мактаб ҳудудида ҳам кенгроқ даражада тақиқлаш ваколати берилади. Шу билан бирга, мактаблар ўқувчиларга рақамли технологиялардан тўғри фойдаланиш бўйича таълим беришга мажбурдир.
Жанубий Корея ҳукумати маълумотига кўра, мамлакат аҳолиси орасида мобил қурилмалардан ортиқча фойдаланиш даражаси 25 фоизни ташкил этади. 10–19 ёш оралиғидаги ўсмирлар орасида эса бу кўрсаткич 43 фоизга етган. Мутаҳассислар таъкидлашича, смартфонларга қарамлик ўқувчиларнинг диққатини жамлаш, ижтимоий муносабатлар ва академик натижаларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Корея ўқитувчилари ташкилотларининг ўтказган сўровлари шуни кўрсатадики, педагогларнинг қарийб 70 фоизи синфда смартфонлар таълим жараёнини бузавераётганидан шикоят қилган. Шу сабабли қонун ўқитувчиларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун “кучлироқ ҳуқуқий асос” сифатида қаралмоқда.
Жанубий Корея шу тариқа Франция, Италия, Голландия ва Хитой каби давлатлар қаторида мактабларда смартфонлардан фойдаланишга қатъий чекловлар жорий этган мамлакатлар сафидан жой олди.