Россияда ўртача иш ҳақи илк бор 100 минг рублдан ошиб кетди

Россияда ўртача иш ҳақи илк бор 100 минг рублдан ошиб кетди

2025 йил июнида россияликларнинг ўртача ойлик маоши 103 минг рублдан ошди. Энг юқори иш ҳақи тамакичилик ва нефт-газ соҳаларида қайд этилди.

Россия Федерацияси Давлат статистикаси хизмати (Росстат) маълумотларига кўра, 2025 йил июнида ўртача ҳисобланган иш ҳақи 103 минг 183 рубл (бугунги курс билан 1280 АҚШ доллари)ни ташкил этди. Бу илк бор ўртача маош 100 минглик чегарани босиб ўтганини англатади. Май ойида бу кўрсаткич 99,4 минг рубл эди. Йиллик ҳисобда иш ҳақи 15 фоизга ўсган, инфляция инобатга олинса, реал ўсиш 5,1 фоизни ташкил этган.

Росстат ҳисоботига кўра, энг юқори иш ҳақлари тамакичилик саноатида (227,4 минг рубл), нефт ва газ қазиб чиқариш соҳасида (208,7 минг), авиакосмик транспортда (205,8 минг), молия ва IT соҳаларида (186,5 ва 173,8 минг рубл) қайд этилган. Энг кам маош тикиш цехлари (50,5 минг), курйер ва почтачилар (52,7 минг), чарм маҳсулотлари (59,8 минг), мебелсозлик (60,6 минг) ҳамда меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳасида (61,7 минг рубл) ишловчи ходимларга тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, Росстат маълумотлари асосан йирик ва ўрта бизнес вакилларини қамраб олади. Унда хусусий тадбиркорлар ва кичик бизнес ишчилари ҳисобга олинмайди. Бироқ танлов умумий меҳнат бозорининг ярмидан ортиғини қамраб олгани боис, экспертлар учун бу муҳим кўрсаткич саналади. Иқтисодчи Сергей Алексашенко бу маълумотни «Росстат ҳисоботидаги энг эътиборли жиҳат», дея таърифлади.

Маошлар ўсиши кадрлар танқислиги сақланаётганини англатади. Россия Банки иш бозорида кескинлик пасайишини қайд этган бўлса-да, бу ҳали тўлиқ енгиллашув эмас. Июл ойи учун ишсизлик даражаси тарихий паст кўрсаткич — 2,2 фоиз бўлиб қолмоқда. Экспертлар иш бозорини ҳали ҳам «қизиб турган» деб баҳоламоқда.

Маошлардан ташқари аҳолининг ҳақиқий даромадлари ҳам ўсмоқда, бироқ даромадлар бўйича нотекислик кучаймоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳақиқий ихтиёрий даромадлар 7,8 фоизга ўсган. Даромад бўйича аҳолининг энг кам 20 фоиз қатлами улуши 5,4 фоиздан 5,3 фоизга пасайган бўлса, энг бой 20 фоиз қатламники 46,6 фоиздан 46,9 фоизга кўтарилган. Жини коэффициенти 41,1 фоизга етган, бу мамлакатда даромадлар бўйича номутаносиблик кучайганини кўрсатади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: