АҚШ хорижлик журналист ва талабалар визасига чеклов киритишни кўриб чиқмоқда

АҚШ маъмурияти талабалар, алмашинув дастури иштирокчилари ва хорижлик журналистлар учун визалар муддатини қисқартириш режасини эълон қилди.
АҚШ хорижлик журналист, талаба ва алмашинув дастури иштирокчилари визасига аниқ муддат белгилаш таклифини муҳокамага қўйди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Вашингтонда қабул қилинган ҳукумат таклифига кўра, хорижлик талабаларнинг F визалари, маданий алмашинув дастурида қатнашувчиларнинг J визалари ва матбуот вакиллари учун I визаларига белгиланган муддат жорий этилади. Ҳозирда бу турдаги визалар дастур ёки иш давомийлигига қараб берилаётган эди.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда АҚШда тахминан 1,6 миллион талабага F визаси берилган. Шунингдек, 355 минг алмашинув дастури иштирокчиси ва 13 минг журналистга виза ажратилган. Янги таклифга кўра, талабалар ва алмашинувчилар учун визаларнинг энг узоқ муддати тўрт йилни ташкил этади. Журналистлар учун эса виза 240 кунгача, Хитой фуқаролари учун эса 90 кун билан чекланиши мумкин.
Таклифда визани узайтириш имконияти қолдирилган бўлса-да, янги тартиб хорижлик талабалар ва журналистлар учун қўшимча бюрократик тўсиқлар яратиши кутилмоқда.
Мазкур режа Трампнинг илк президентлик даврида, 2020 йилда қўйилган таклифни эслатади. Ўшанда халқаро таълим ташкилоти NAFSA бу ташаббусга қарши чиққан эди. Кейинчалик, Жо Байден маъмурияти 2021 йилда таклифни қайтариб олган.
Трамп маъмурияти қонуний миграция устидан назоратни кучайтирар экан, талабалар ва мигрантларнинг айримларига виза ва яшаш мақомини бекор қилиш амалиётини ҳам йўлга қўйган.
Аввалроқ, Трамп маъмурияти АҚШ визасига эга 55 млн кишини текширишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.