Исроил армияси Жанубий Ливанга авиаҳужум уюштирди

Исроил армияси Ливаннинг турли ҳудудларига ҳаводан зарбалар берди. Ливаннинг NNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Исроил дронлари Набатия шаҳрининг бир нечта ҳудудларига ҳужум қилган.
Ҳужумлар шаҳарнинг шимолий қисмига, Али ат-Тоҳир атрофидаги тоғли ҳудудга ва Кефр-Тебнит қишлоқ ҳудудига қаратилди. Зарбалар шунчалик кучли бўлганки, яқин-атрофдаги уйларда силкинишлар сезилган.
Айта аш-Шаб шаҳри яқинида эса Исроил армияси бир турар-жой уйига зарба берди. Исроил ҳарбийлари баёнотида ҳужумнинг мақсади «Ҳизбуллоҳ»га тегишли инфратузилмаларни йўқ қилиш экани қайд этилган. Шунингдек, ҳужум қилинган ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий фаолияти кузатилгани маълум қилинган.