Жанубий Кореяда кексаларга AI асосидаги қўғирчоқлар тарқатилмоқда

Жанубий Кореяда ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда деменция касаллиғидан азият чекаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сунъий интеллект асосида ишловчи махсус қўғирчоқлар тарқатила бошланди. Бу лойиҳа доирасида ChatGPT технологияси асосида яратилган Hyodol қўғирчоғидан бутун мамлакат бўйлаб 12 мингдан ортиқ нафақахўр фойдаланмоқда.
Hyodol ҳар куни фойдаланувчилардан соғлиги ва кайфияти ҳақида сўраб, уларнинг психологик ҳолатини назорат қилади. Қурилмага ўрнатилган сенсорлар эса нафақахўрнинг фаолиятини кузатиб боради. Агар бир киши бир сутка давомида ҳаракатсиз қолса, тизим автоматик равишда тезкор хизматларга ва қариндошларга хабар юборади. Шунингдек, қўғирчоқ инсон кайфиятидаги тушкунлик белгиларини аниқлашга ҳам қодир.
Тадқиқотлар натижасида аниқланишича, Hyodol билан мунтазам мулоқот қилган кекса фуқароларда депрессия ва деменция аломатлари камайган. Мутаҳассисларнинг фикрича, кексалар учун доимий суҳбатдошга эга бўлиш катта аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, янги технология бир қатор ўзига хос муаммоларни ҳам юзага чиқармоқда. Баъзи нафақахўрлар қўғирчоқларни шахсий дўст сифатида қабул қилиб, уларга кийим кийдириш ёки овқат тайёрлаш каби одатларни шакллантирган. Ҳатто айрим ҳолларда уларни ўзлари билан дафн этишни ҳам сўрашган. Шу боис ишлаб чиқувчилар чат-бот мулоқотини махсус фильтрлаш заруратини таъкидламоқда.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб кексалар учун сунъий интеллектга асосланган ёрдамчи қурилмалар бозори 7,7 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.