Ғазода 660 минг бола учинчи йил мактабга бора олмаяпти

Ғазода 660 минг бола учинчи йил мактабга бора олмаяпти

БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) маълум қилишича, Исроилнинг Ғазога қарши 23 ойлик уруши 660 минг болани кетма-кет учинчи йил ҳам мактабдан маҳрум қилмоқда.

UNRWA ёзма баёнотида Ғазодаги ҳолат «болаларга қарши уруш» сифатида баҳоланиб, уни тўхтатишга чақирилди:
«Болалар доимо ҳимояда бўлиши керак», — дейилади баёнотда.

Агентлик болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи бузилаётганини таъкидлаб, улар «йўқолган авлод»га айланиши хавфидан огоҳлантирди ва ўт очишни тўхтатишни талаб қилди.

Фаластиннинг Олий ва ўрта таълим вазирлиги маълум қилишича, Ғарбий соҳилда сентябр бошида янги ўқув йили бошланади, аммо Ғазодаги 700 мингга яқин ўқувчи икки йилдан бери ўқишдан маҳрум бўлган. Улардан 70 минг нафар ёш ўқувчи икки йилдирки ўрта мактабга қадам қўя олмаган.

Вазирликнинг 2023 йил 7 октябрдан 2025 йил 26 августгача бўлган маълумотларига кўра:

Исроил ҳужумлари натижасида 17 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси ва 1261 нафар университет талабаси ҳалок бўлган.

25 мингдан зиёд бола ва талабалар яраланган.

Ғарбий соҳилда эса 108 мактаб ўқувчиси ва 35 талабанинг ҳаётига зомин бўлинган, юзлаб ёшлар яраланган ёки ҳибсга олинган.

Шунингдек, та’лим соҳаси ходимлари орасида ҳам катта йўқотишлар қайд этилган:

Ғазода 739 мактаб ўқитувчиси ва 226 университет устози ўлдирилган.

Минтақада минглаб ўқитувчи ва профессорлар яраланган ёки қўлга олинган.

2023 йил октябридан буён Исроил армияси АҚШ кўмагида Ғазода оммавий қирғин, очлик, вайронагарчилик ва мажбурий кўчириш амалиётларини давом эттирмоқда. Халқаро суднинг кўплаб чақириқ ва қарорларига қарамай, ҳужумлар тўхтамай келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача 63 371 фаластинлик ҳалок бўлган, 159 835 киши яраланган, 9 мингдан ортиқ одам бедарак йўқолган. Юз минглаб аҳоли уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, очликдан эса 332 нафар одам, жумладан 124 бола ҳаётдан кўз юмган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: