Нидерландияда расмий иш ҳафтаси 32 соатгача қисқартирилди

Нидерландияда иш ҳафтаси қисқаришининг асосий омиллари сифатида меҳнат бозоридаги аёлларнинг оилавий ҳаётга кўпроқ вақт ажратишига бўлган эҳтиёж кўрсатилади.
Нидерландияда тўрт кунлик иш ҳафтаси тобора одатий ҳолатга айланиб, мамлакат меҳнат бозоридаги муҳим тамойилга айланмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри хабар берди.
Нидерландия Европада энг қисқа иш вақтига эга мамлакат сифатида ажралиб турибди. Eurostat маълумотларига кўра, 20–64 ёшдагиларнинг иш ҳафтаси ўртача 32,1 соатни ташкил этади. Бу ҳолат асосан хотин-қизларнинг 1980–2000 йилларда меҳнат бозорига ярим ставкали ишларда кириб келишидан бошланган. Кейинчалик эркаклар ҳам, айниқса фарзандли бўлганларидан сўнг, қисқа иш ҳафтасига ўтишни маъқул кўра бошлади.
ING банки иқтисодчиси Берт Колийннинг таъкидлашича, Нидерландияда тўлиқ вақт ишловчи ходимлар сони камайиб, кўпчилик тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтган. Бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатмаган. Чунки юқори иш унумдорлиги ва меҳнат бозорида фаол иштирок туфайли Нидерландияда ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига кўра Европа Иттифоқидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эришилган.
Бундан ташқари, мамлакатда иш билан бандлик даражаси ҳам юқори — 2024 йил охирида ишга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи меҳнат бозорида қатнашган. Солиштириш учун, бу кўрсаткич Британияда 75, АҚШда 72, Францияда эса 69 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, қисқа иш ҳафтаси гендер тенглиги муаммосини тўлиқ ҳал этмаган. Аёллар орасида ярим ставкали ишлаш кўпчиликни ташкил этмоқда ва раҳбарлик лавозимларида уларнинг улуши пастлигича қолмоқда. 2019 йилдаги OECD ҳисоботига кўра, менежерларнинг фақат 27 фоизи аёллар бўлган.
Баъзи соҳаларда, жумладан таълим тизимида кадрлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Бу эса ота-оналарнинг иш вақтида узоқроқ қолишига тўсқинлик қилади. Бироқ муаммо тўлиқ вақт ишлашнинг ҳам осон эмаслигини кўрсатмоқда: бу ҳолатда кўпроқ болалар боғчаси ва қариялар парвариши хизматларига эҳтиёж ортиши тайин.
Иқтисодчи Колийннинг фикрича, Нидерландия назарий жиҳатдан кўпроқ ишлаб чиқариш имкониятини қўлдан бермоқда. Бироқ у жамиятнинг фаровонлиги учун иш ҳафтасини сунъий узайтиришга қарши эканини ҳам таъкидлайди.
Нидерландия тажрибаси тўрт кунлик иш ҳафтаси на мукаммал ечим, на иқтисодий ҳалокат эканини кўрсатмоқда. Асосий хулоса — иш вақти ва меҳнат тақсимотини турли усулларда ташкил этиш мумкин, муҳим жиҳат эса қайси устуворликлар танланишига боғлиқ.