Си Жинпин ва Нарендра Моди Хитойда учрашув ўтказди — ОАВ

Бу Ҳиндистон бош вазирининг сўнгги етти йил ичида Хитойга илк ташрифи бўлиб, у икки давлатнинг АҚШ билан муносабатлари ёмонлашган бир пайтда амалга ошмоқда.
«Дунё ўзгаришлар сари ҳаракат қилмоқда. Хитой ва Ҳиндистон — энг қадимий сивилизацияларга эга икки давлатдир. Биз дунёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакатлармиз ва “Глобал Жануб”нинг бир қисмимиз. Дўст бўлиш, яхши қўшни бўлиш ҳаётий аҳамиятга эга, “Аждаҳо” ва “Фил” бирлашиши керак», — деди Си Жинпин Моди билан учрашувда.
«Биз турли томонлар билан алоқаларни қўллаб-қувватлаш, кўп қутбли дунёни шакллантириш ва халқаро институтларда демократияни таъминлаш борасида ўзимизнинг тарихий мажбуриятларимизни бажаришимиз, Осиё ва бутун дунёда тинчлик ҳамда фаровонлик йўлида биргаликда ишлашимиз лозим», — дея қўшимча қилди ХХР раиси.
Моди эса Ҳиндистон Хитой билан муносабатларини ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида ривожлантиришга содиқлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2,8 миллиард инсоннинг фаровонлиги Нью-Деҳли ва Пекин ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка боғлиқ.
Бундан ташқари, Моди Хитой билан бевосита авиқатновларни қайта тиклашни эълон қилди. У, шунингдек, 2020 йилда ҳарбий тўқнашув содир бўлган Ҳимолай чегарасида энди “тинчлик ва барқарорлик” муҳитининг қарор топганини, бу эса Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларига йўл очишини таъкидлади.