NATOнинг Шимолий Европа қўшинлари бош қароргоҳи Финляндияда очилди

Финляндиянинг Россия Федерацияси билан чегарасига яқин жойлашган Миккели шаҳрида НАТОнинг Шимолий Европадаги қуруқликдаги қўшинлар бош қароргоҳи иш бошлади.
Финляндия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, янги қароргоҳ –(MCLCC) – 29 август куни вазир Антти Ҳаакканен қарори билан ташкил этилган. У мамлакат қуролли кучлари штаб-квартираси билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Ҳозирча қароргоҳда 10 нафаргача офицер хизмат қилади. Кейинчалик Финляндия, Швеция, Норвегия, Дания, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британиядан 50 нафаргача ҳарбий ходим жалб қилиниши режалаштирилган.
Норвегиялик полковник Ове Стаурсет Бош штаб бошлиғи этиб тайинланган. Қароргоҳ АҚШнинг Норфолк (Шарқий соҳил)даги асосий штабига ҳисобот бериб, доимо юқори шай ҳолатда ишлайди.