Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасида икки қирғиз фуқароси отиб ўлдирилди

Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасида икки қирғиз фуқароси отиб ўлдирилди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон чегарачилари икки қирғиз фуқаросини қўлга олиш пайтида қурол ишлатиб, уларнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлди.

Маълум қилинишича, 25 август куни Чотқол тумани Айғир-Жал қишлоғида яшовчи икки киши йўқолгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат келиб тушган. Кейинчалик, 28 август куни икки давлат чегара вакиллари учрашуви чоғида Ўзбекистон томони 15 август куни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегаралари туташган ҳудудда икки номаълум шахс аниқланганини билдирган.

Ўзбекистон чегарачиларига кўра, уларни тўхтатишга уринилганда фуқаролар талабларга итоат этмаган ва шу сабабдан қурол қўлланилган. Натижада икки киши ўқдан ҳалок бўлган.

31 август куни марҳумларнинг қариндошлари Ўзбекистонга бориб, жасадларни таниб олган. Улар экспертиза учун Қирғизистонга топширилган. Шунингдек, ўлдирилган шахсларга тегишли бўлган мол-мулк — учта от ва бир чодир ҳам қайтариб берилиши маълум қилинган.

Маълумотга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари 2 сентябрдан бошлаб ушбу ҳолат юзасидан қўшма тергов ишларини олиб боради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: