Ламин Ямал Флик танқидига жавоб қайтарди ва фикрини очиқ билдирди

«Барселона»нинг ёш иқтидор эгаси, 18 ёшли Ламин Ямал Ла Лиганинг 3-туридан сўнг жамоа бош мураббийи Ханс-Дитер Флик айтган сўзларга нисбатан ўз қарашини билдирди.
Маълумки, «кўк-анорранглилар» «Райо Вальекано» меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисобида дурангга рози бўлишди. Учрашувдан кейин Флик футболчиларнинг айрим ҳолатларда худбинлик қилиши ғалабага тўсқинлик қилди, деб таъкидлаганди.
Бироқ Ламин Ямал бу фикрга қўшилмади:
– Менимча, ҳисобнинг худбинлик билан мутлақо боғлиқ жойи йўқ. Аслида, ўйинимиз керакли даражада қовушмади. Баҳсни талаб даражасида бошлай олмадик, диққатимизни тўлиқ жамлай олмадик.
Албатта, Флик айтиб ўтганидек, кўплаб хатоларга йўл қўйдик ва албатта, яхшироқ ўйнашимиз шарт. Лекин шу билан бирга, жуда оғир рақибларга қарши уч ўйинда 9 имкониятдан 7 очко тўплаганимизга ҳеч ким аҳамият қаратмаяпти.
Биз ҳали ўз уйимизда майдонга тушмадик, барча баҳсларни сафарда ўтказяпмиз. Шундай бўлса-да, етарли даражада натижа кўрсатдик, – дея таъкидлади Ямал.
Бу баёнот ёш футболчининг ўз фикрини дадил айта олиши ва жамоа ички муҳитидаги баҳсларга бефарқ эмаслигини кўрсатди. «Барселона»даги вазият эса мухлислар учун янада қизиқиш уйғотмоқда.