…Мени еманг! қилтириқман! Попкам билан қўшиб есангиз ҳам тўймайсиз!..

Етти ёшимда мактабга етаклаб борган дадам бизга пешвоз чиққан новчагина аёлга «Мана устоз, ўқувчингиз! Энди эти сизники , суяги бизники!» деган.
Ўзи туғилганимдан серсавол эдим. Дадамнинг гапларини тушунмай, одатимга биноан кўзларимни катта -катта очиб савол бердим:
-Дада, дадоооо…. эт нима? Бантикларимми? Уларни беролмиман,лекин…
Дадам калламни тўсиб турган иккита косадек «бантик» ларимга қараб кулиб, аста бош чайқади:
– Йўқ!
Қўрқма! Эт бантик эмас, гўшт.
-Эт-гўшт!
Кимнинг гўшти?Меникими?
Билагимдаги теримни чўзиб тортиб, остидаги гўштимни чамалаб сесканиб кетдим.
Дадам иккаламизга айёрона кулимсираб турган захаргина аёл эса хохолаб кулиб юборди. Атиги бир лаҳза….бир лаҳзага у кўзимга «Доктор Айболит»даги дастаси қайрилган пичоқларини қайраб турадиган қароқчига ўхшаб кетди.
Фақат бир кўзини ёпиб турадиган қора боғич етмаяётганди холос.
У бошдан оёқ менга тикилиб , гўё гўштимни бетарози ўлчаб мамнун илжайди. Тили билан юқори лабини ялаб, иштаҳаси карнайлигини, дадам кетиши биланоқ ейишини ошкор этиб, ўлжаси томон бир хатлаб, пешонамда пайдо бўлди.
Қўрқиб йиғлаб юбордим ва шоша-пиша сочимдаги иккала «бантик» ни ечиб унга узатдим :
– Мана, иккаласини ҳам ола қолинг! Фақат мени еманг! Қаранг, қилтириқман. Попкам билан қўшиб есангиз ҳам тўймайсиз…
Мен йигласам улар хохолаб кулиб юборганига ўлайми?
Устоз дегани майли, дадамчи? Нахотки шунча йил кимгадир едириб юбориш учун боққан бўлса.
-Да-дааааа! Жооон, дадаааа… Кетайлик.
У бир нималар деди, юпатган бўлди, мен эшитмадим. Ану хотин эса билагимни чангаллаганча қўйиб юбормади.
Бир-икки силтаниб, бадтар авжига чиқдим:
-Ааааа….Майтабда қолмайман. Боғчамга қайтама-ааан…
Дод-фарёдимнинг фойдаси бўлмади.
Чўккалаб нималарнидир тушунтиришга уринган дадамнинг хафсаласи бир бўлди, охири Бармалей хотиннинг бақувват панжаларга топшириб кетиб қолди.
«1-Б синф» деган хонага келгунча оёқ тираб, йиғлаб-сиқтаб, бақириб ялинганим ёдимда. Қўлимда косадек «бантик»лар… Эшик олдида ҳам роса тисарилдим.
Ичкарида катта қозон, кунда, ойболта ёки қайрилма пичоқлар бор. Кейин қассобхонадагидай гўшт илгичлар ҳам борлиги аниқ.
-Одамлааар! Ёрдам берилар! Мени ейишмоқчиииии….
Тавба, ҳеч ким қайрилиб қарамайди-я. Қайтанга кулимсираб, ану хотинга бош иргаб, гўё қилмоқчи бўлган ёвузлигини маъқуллаб ўтиб кетишарди.
У мени ичкарига амаллаб , деярли судраб олиб кирди.
Кўзимни очишга қўрқиб, қаттиқ юмиб олганман. » Кўзингни оч!» деган буйруқ янграса ҳам очмайман.
Ҳавони хидлаб кўраман, қассобхонаникига ўхшамайди. Қайтанга ўзим яхши кўрадиган янги китоб иси келарди хонадан…
Ахийри секин бир кўзимни очдим, сўнг иккинчисини.
Иеее, кунда , болта, дошқозонлар қани? Гўштилгичлар ҳам йўқ. Ёки ҳаммаси анави жовонлардамикан?
Рўпарамда ўзимга ўхшаган косадек «бантик»ли қизлар ва менга бақрайганча қотиб қолган паст-баланд ўғил болалар туришарди.
Яна атрофга алангаб, кейин уч-тўрт марта бурнимни тортиб-тортиб тинчландим. Ҳартугул, ейиладиган бир мен эмас, кўўпгина эканмиз. Бўйи-бастимга қараб, энг охирги партага ўтказишганида эса чунонам хурсанд бўлдимки, агар навбат билан ейилсак, энг охирида бўлар эканман, унгача пайт пойлаб қочвораман, деб хомчўт қилдим…
Ўқиш бошланди.
Унгача жовонларни бир қатор «разведка» қилиб чиқдим. Кунда, болта, пичоқлар йўқ! Ўқитувчимиз алифбедаги харфлар тугагунча мулойим бўлди. Ҳар куни эрталаб эса тиржайиб «Чой ичволганмисан, қорнинг тўқми?» деб сўрашни канда қилмасди. У вақтларда мактабимиз ошхонаси зўр эди. Йигирма тийинга тўярдик. Ким пул олиб келмаса, ўқитувчимизни ўзи чўнтагидан танга чиқариб тўйдириб қўярди. Уйга қайтаётганимизда ҳам борибоқ дарров овқатланиб олишимизни тайинларди. Нияти- бизни тезроқ семиртиш-да.
Қанчалик камроқ ейишга харакат қилмай, харфлар тугашига думалоққина бўлиб тўлишиб қолдим. Қолганларнинг ахволи ҳам шу эди.
«Ўқиш» га ўтганимизда устознинг табассуми озайгандай бўлди. Баъзан асабийлашиб, бир қоши тепага лип-лип учарди. Лекин шунчаки эмас, бесабаб дарс қолдирган, уй вазифаларини бажармаган, дарсларга жиддий қарамаганлар кайфиятини бузиб туришарди.
Биринчи синфни битирганимда охирги қўнғироқ бўлди ва онам ҳаммани олдида » Энг яхши ўқувчининг онасига» деган фахрий ёрлиқ,каттакон гулдаста олдилар.
Хурсандчиликдан йиглаганларини бир кўрсангиз эди. Уйга қайтяпмизу, тадбирда бошланган кўз ёшлар тинмасди. Фахрий ёрлиқни эса кўрмаган одам қолмади.
Байрам уйда ҳам давом этди. Дадам урушқоқ бобоқ хўрозимизни сўйиб димлама қилди. Ҳамма хурсанд, фақат мен хафа эдим. «Каникул » деганлари уч ой экан. Демак 90 кун мактабга бормайманми? Зерикиб қоламанку.
– Дадааа, ўқитувчим яхши экан. Бизни ейишдан воз кечди. Бирортамизи ҳам емади. Хатто иккичи Инъом, Рустам ҳам тирик.
Дадам аввал ҳеч нарсага тушунмади, сўнг 1-сентябрда рўй берган тўполонларни эслаб кулиб юборди:
– «Эти сизники, суяги бизники» деганим, маъжозий маънода эди болам. Яъни ўқитувчингга нима қилсангиз ҳам саводини чиқариб, билимли қилиб беринг» дегандим.
Барибир дадамни охиригача тушунмадим, 90 кун мактабга бормаслигимизни ўйлаб, чуқур хўрсиниб қўйдим…
Устозим бошқача эди. Ҳеч кимникига ўхшамасди.
Бошқа ўқитувчилардай совға олишни хушламас, бирор сабаб билан мактабга нимадир кўтариб келадиган ота-оналарга қаттиқ танбеҳ берар ва болалардан фақат ўқишни талаб қилаётганини айтарди. Синфимизда ким бой, ким камбағал эканини ҳам билмасдик, сабаби бир ҳил – «форма»да келишимиздан ташқари, деярли барча тарбиявий соатларда » мақтанчоқлик ёмон иллат, уйингиз, кийимларингиз, мошина ва еган-ичганингизни мактабда гапираверманг. Уят бўлади! Сиздаги шароит кимдадир бор, кимда эса йўқ. Ким мақтанса хафалашиб қоламиз» дерди.
Ўзи ҳам ниҳоятда оддий, лекин дид билан кийинарди. Бизни катта синфга кузатгунча ва ундан сўнг ҳам деярли бир ҳил либос: тиззадан сал пастроққа тушиб турадиган, ҳеч қачон тахти бузилмайдиган қора этак, ҳамиша янги ёққан қордай покиза, бўйнидан богланадиган ипигача ҳавасли харир оппоқ кўйлакда юрардилар. Ишонмайсиз, хатто хозир ҳам ўқитувчимни туфли, плаш, пальтоларигача тасвирлаб бера оламан. Сабаби, 1-синфда мурғак нигоҳларим билан чизилган портрети ўнинчини битиргинумча деярли ўзгармаганди.
Бадиий адабиётларни саралаб ўқиш, овозни баландлатмай чиройли оҳангда гапириш, шаҳмат ўйнашдан тортиб математик амалларни ноананавий усулда ечишгача ўқитувчимдан ўрганганман. Сўкилган этакни кўринтирмай тикиш, одми аммо дид билан кийиниш, туфлини авайлаб, 3-4 йил кийиш, фантазия билан расм чизиш, шахмат ўйнаш, хатто сочимни чиройли турмаклашни ҳам улардан кўчириб олгандим.
Баъзан шўхлигим учун гап эшитиб, жазоланиб ҳам турардим. Соатлаб стул кўтариб, қорда стадионни уч «круг» югурганларим ҳам ёдимда. Хуснихатим бузилса, аввал машқ , гап уқмаса чимчиланган қўлларимчи?! Хатто хозир ҳам рецептни ҳамма шифокорлардан чиройлироқ ёзишим ўша муаллимамнинг хизматидир…
Ўғил болалардай лўкиллаб югуриб қолсам, шарт тўхтатиб қиз болага ярашмаслигини қандай юришни кўрсатиб, ўргатардилар.
Деярли тўрт олмасдим.
Қишда негадир дангасалик касалим тутиб қолди. Уч-тўрт кун индамаган устозим, хафта охирида каттакон икки қўйди. Ўзиям кундалигимнинг вароғини ярмини тўлдирган икки.
Янги тугилган мушукчадай келадиган икки. Ўша куни уйда роса калтак едим.
Лекин барибир муаллимамни бошқача яхши кўрардим…
Йиллар ўтди. Улгайдик. Улардан дойим хабар олиб турардим. Хатто Қувасойдан Фаргона марказига кўчиб кетганларида ҳам топиб бордим. Ҳар сафар қучоқ очиб, биринчи учрашувимизни эслатиб самимий кутиб оларди у.
Устозим тўйимга ҳам келган. Ўшанда нафақага чиққан ва анча кексайиб, қолгандилар. Аммо ҳамон ўн беш йил аввалгидай бошдан -оёқ, сувратию- сийрати ибратли эди. Даврага чиқиб табриклаб, дуо қилиб, сўнг қулочини кенг ёзиб ўйнаб беришди. Тўйга келган барча » Вой, Забура опа ҳам ўйнарканлар-а. Биринчи марта кўряпман» деб хайратларини яшира олишмай, роса қарсак чалишган. Онам эгниларига сариқ саккизтепки атлас ташладилар.
Ҳамиша совгарсаломни рад этган ўқитувчим бу гал онамнинг қўлини қайтармади ва белига ишора қилди. Бу дегани «белимга боглаб қўйинг, санъаткорларга ташлаб чиқмай» дегани эди.
Ўша матодан чиройли ўзбекона, кўкракбурма кўйлак тиктириб кийиб олганларини навбатдаги учрашувларимизнинг бирида кўрдим.
Ўша кўйлакни униқиб кетгунча кийиб юрдилар. Ким сўраса сўрамаса:
-Буни энг зўр ўқувчимни тўйида беришган. Энг яхши ўқувчимнинг онаси ҳадя қилган» дердилар…
Йиллар ўтди. Фарзандларимни бирин-кетин етаклаб 1-синфга олиб чиқдим. Ҳар гал болаликдаги беғубор хотираларни эслаб, томогимга нимадир тиқилар, сўнг юзимда табассум пайдо бўларди. Тўртала боламда ҳам томогимга тиқилган ниманидир ютиб, ўзимда куч тўплаб атиги биттагина жумлани айтганман. Насиб қилса Темурбегимни етаклаб чиққанимда ҳам такрорлайман:
-Эти сизники, суяги бизники устоз!
Муаззам Иброҳимова
Ҳозир буларни барини ўтмишдан эртаклар деб атаса ҳам бўлади…