Мадуро: Венесуэлага ҳужум қилинса, қўлга қурол оламиз

Мадуро: Венесуэлага ҳужум қилинса, қўлга қурол оламиз

Венесуэла президенти Николас Мадуро агар мамлакат ҳужумга учраса, қўлга қурол олиниб, қуролли курашга ўтилишини маълум қилди. У бу ҳақда Каракаста ҳарбий қўмондонлар билан учрашувда, АҚШ президенти Доналд Трампнинг “Венесуэла самолётларини уриб туширишга тайёрмиз” деган таҳдидларига жавобан гапирди.

“Биз ҳозир зўравонликсиз кураш босқичидмиз — сиёсий, ахборот ва институционал. Аммо Венесуэлага ҳужум қилинса, биз қуролли курашга ўтамиз”, — деди Мадуро.

Давлат раҳбари мамлакат сафарбарлик ҳолатида эканини таъкидлаб, қўшимча қилди:
“Биз тинчликпарвар халқмиз, лекин бир вақтнинг ўзида жангчи халқмиз. Ҳеч ким бизга ҳужум қилиб, бизни қул қилиши мумкин эмас. Агар ҳужум бўлса, халқимиз миллий, маҳаллий ва минтақавий даражада қуролли ва уюшган тарзда жавоб қайтаради”.

Шу билан бирга, Мадуро Венесуэла ҳар доим мулоқот ва музокаралар учун очиқлигини қайд этди. У АҚШнинг Кариб денгизидаги ҳаракатларига ишора қилиб:
“Кариб денгизи халқимизга тегишли. Фитналар, таҳдидлар, интервенциялар бу минтақада қайта такрорланмаслиги керак”, — деди.

Президент Боливар миллий қуролли кучларининг турли қуролли гуруҳлар ва колумбиялик ёлланма аскарлар устидан қўлга киритган ғалабаларини эслаб, венесуэлаликлар ҳар доим мамлакат шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга тайёрлигини урғулади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэланинг икки қирувчи самолёти Америка ҳарбий кемаси яқинида парвоз қилганини айтиб, “агар улар хавф туғдирса, уриб туширилади”, деган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: