Ўзбекистон Афғонистонга 300 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, кучли зилзиладан жабрланган Афғонистон аҳолиси учун навбатдаги инсонпарварлик ёрдами йўлланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълум қилди.
Ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий анжомлардан иборат қарийб 300 тонна юк Ўзбекистон халқи номидан Балх вилоятига етказилди.
Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси майдонида ёрдамни топшириш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ҳамда икки мамлакат расмийлари иштирок этди.
Юк таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тайёр таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан зиёд дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ўрин олган.
Маълумот учун, 1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида кучли зилзила содир бўлган. Қутқарув ишлари давомида қурбонлар сони 3 мингга яқинлашгани аниқланди.