Си ва Путиннинг узоқ умр ҳақидаги мулоҳазалари акс этган видео ўчиртирилди

Си ва Путиннинг узоқ умр ҳақидаги мулоҳазалари акс этган видео ўчиртирилди

Reuters халқаро ахборот агентлиги Хитой раҳбари Си Жинпинг ҳамда Россия президенти Владимир Путиннинг умрни узайтириш имкониятлари ҳақидаги мулоқотини акс эттирган тўрт дақиқалик видеони ўчириб ташлашга мажбур бўлди. Бу қадам Хитой марказий телевидениеси (CCTV) томонидан қўйилган талаб асосида амалга оширилди.

Мазкур суҳбат Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган тантанали парад пайтида ёзиб олинган. Суҳбат чоғида Си Жинпинг ўтмишга назар ташлаб: «Илгари одамлар жуда кам ҳолларда 70 ёшга етган, ҳозир эса бу ёшда одам ҳали ҳам ёш ҳисобланади», дея фикр билдирди. Путин эса, биотехнологиялар ва орган кўчириб ўтказиш соҳасидаги тараққиёт инсониятни абадийликка яқинлаштириши мумкинлигини таъкидлади. Си эса ўз навбатида «150 ёшгача умр кўриш имконияти шу асрнинг ўзида амалга ошиши мумкин», дея қўшимча қилди.

Reuters Хитой телевидениеси эфиридан олинган материал асосида видеолавҳани монтаж қилиб, уни бутун жаҳон бўйлаб минглаб томошабинларга тарқатди. Аммо CCTVнинг юридик бўлими бу ҳолатни шартларни бузиш сифатида баҳолаб, агентликдан роликни олиб ташлашни талаб қилди.

Натижада видео ўчирилди, бироқ Reuters таҳририяти эътирозларни тўлиқ қабул қилмади. «Биз материалларни синчиклаб ўргандик ва Reuters’нинг узоқ йиллар давомида холис ва аниқ журналистика принципларига содиқлиги шубҳа остида қолиши учун ҳеч қандай асос топмадик», — дея баёнот берди агентлик.

Шу тариқа, икки етакчи ўртасидаги суҳбат, уларнинг умр давомийлиги ва биотехнологиялар ҳақидаги фикрлари кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: