«Мажбурий меҳнат қатъиян қораланган»

«Мажбурий меҳнат қатъиян қораланган»

Сурхондарё ҳокимлиги Сариосиё туманида аёлларни пахта теримига мажбурлаш ҳолати юзасидан расмий муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари маҳалла фаолларини пахта теримига жалб қилишга ундаётгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳолат кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълум қилишича, воқеа вилоят ҳокими томонидан шахсан назоратга олинган. Ҳозирда масалага оид барча тафсилотлар тегишли идоралар томонидан ўрганилмоқда.

Ҳокимликка кўра, пахта йиғим-терими мавсуми олдидан ҳудудларда фақатгина кўнгилли теримчилар рўйхатга олинган, фаол аёллар эса фақат отряд раҳбари сифатида белгилангани қайд этилган.

“Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклини қатъиян қоралайди. Ҳеч бир раҳбар ёки мутасаддига ходимларни мажбурий равишда пахта теримига жалб этиш бўйича топшириқ берилмаган. Агар текширувлар давомида бундай ҳолат тасдиқланса, қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади”, — дейилади расмий баёнотда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: