Митти қотиллар ёки йигирма йиллик кураш

Митти қотиллар ёки йигирма йиллик кураш

1957 йили Бразилиянинг Рио-Клара фермасида хайрли ишга қўл урилди. Бу ерга нисбатан кўпроқ бол берадиган Африка асаларилари келтирилди. Мақсад-вазифа аниқ – уларни жайдари жинсдошлари билан чатиштириб, янги турини яратиш эди.

Мутахассислар дадил ишга киришдилар. Ирсиятни ўзгартириш узоқ йиллар давом этди. Ахийри муддаога эришилди. Бироқ шу асно, «Ҳар яхшининг бир ёмони бор!» деганларидек, қўққисдан ўта жиддий муаммо пайдо бўлди.

Урчитиш йўли билан кўпайтирилган янги асаларилар бошқа турдошларига мутлақо ўхшамасди. Аксинча, ўта ваҳший ва ҳужумкор эди. Гулларга қўниб, нектар йиғиш ўрнига гала-гала бўлиб, одамлар ва ҳайвонларга тўсатдан ҳамла қилар ва беаёв ниш урарди. Уларнинг заҳрини татиб кўрганларга осон бўлмасди – ё оғир хасталикка учрар, ё ажалидан беш кун бурун жон берардилар.

Шу пайтга қадар асаларилар орасида бунақаси учрамаганди. Демак, олимлар қайдадир хатога йўл қўйишган, янгилик яратамиз деб, аслида инсоният бошига бало келтиришган.

Митти газандалар эса тез урчиб, мисли кўрилмаган даражада кўпая бошлади. Бора-бора Бразилия, Аргентина, Боливия ўрмонларини батамом забт этди. Ҳар йили 350–360 километрдан олға силжиб, Шимолий Америкага яқинлашаверди. Улар ёвуз ва босқинчи лашкарлардан-да хавфлироқ эди. Йўлида дуч келган ҳар қандай жонзотга гала-гала бўлиб ёпишар, айниқса, қорамол подаларига, қўй-қўзи отарларига аёвсиз қирон келтирарди. Отлар, итлар, маймунлар ва бошқа ҳайвонларга ҳам тинимсиз озор етказарди.

Ва ниҳоят, митти қотиллар қишлоқ ва шаҳарларга ҳам бостириб кирди. Америка газеталарида бу ҳақда бир-биридан ташвишли хабарлар ёритила бошланди. Мана, улардан айрим намуналар:

Каракас. «Сўнгги кунларда Венесуэланинг қатор туманларида фавқулодда ҳодиса рўй берди. Ўзининг тажовузкорлиги билан донг таратган Африка асаларилари қишлоқ-шаҳарлар бўйлаб одамлар ва ҳайвонлар устига ёпирилди. Оқибатда биргина Ансоагети штатида 60 киши оғир аҳволда касалхоналарга ётқизилди. Монагао штати шимолида эса дарғазаб асаларилар тўдаси саф тортиб бораётган автомашиналарни қамал қилди. Бу ҳамла туфайли икки ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмди».

Перу. «Қотил асаларилар шимолий туманлар аҳолиси учун ҳам бошга битган бало бўлмоқда. Оддий деҳқон Карлос Урион Морено бу ваҳшийларнинг навбатдаги қурбонига айланди. У ажал нишларига дош беролмай, бир зумда жон таслим қилди. «Кроника» газетаси хабарига қараганда, Африка асаларилари тез-тез шаҳарлар сари «юриш» қилмоқда. Масалан, Чоконе аҳолиси ва шу ҳудудда жойлашган университет талабалари бир неча соат мобайнида қанотли душманлар таъқиби остида бўлдилар. Соғлиғи оғирлашган ўнлаб одам зудлик билан шифохоналарга жўнатилди».

Гавана. «Африка асаларилари Кариб денгизи шимолидаги Тринидад ва Тобаго оролларига ҳам дориди. Шу боис ён-атрофда яшовчи одамлар ҳаёти хавф остида қолди. Асалариларнинг илк ҳужумига дучор бўлган уч кишидан бири вафот этди».

Хуллас, тилсиз-забонсиз ёв билан кураш роппа-роса йигирма йилга чўзилди. Шу вақт оралиғида Жанубий Америка минтақасининг қирғоқбўйи ҳудудлари росманасига хавф-хатар маконларига айланди. Ўнлаб одамлар, юзлаб жониворлар заҳарли нишлар қурбони бўлди.

Бебош митти қотилларнинг тобора шимол томон силжиб, кенг жамоатчилик тинчини бузаётгани қитъадаги барча мамлакатларда давлат аҳамиятига молик долзарб муаммо сифатида қабул қилинди. Уларнинг йўлини тўсиш расмий доираларда ҳал этиладиган масала даражасига кўтарилди. Юзага келган вазият АҚШ фанлари Миллий академиясида атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, Америка Конгрессида кўриб чиқилди. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирлар режаси тузилди. Кўпчилик қарорига кўра, Америка қитъасининг иккала минтақасини боғлаб турувчи энг тор бўйинда газанда асаларилар йўлига ғов қўйиш таклифи маъқулланди.

Ниҳоят, бало-қазодан халос бўлишнинг энг мақбул йўли танланди. Африка ва Лотин Америкаси асалариларини урчитишдан пайдо бўлган янги турларни европалик жинсдошлари билан чатиштириш лозим кўрилди. Ирсиятшунос олим Алвим Бароснинг айтишича, бу ниятга эришиш учун Австриядан келтирилган асалариларнинг модалари Африка асаларилари уясига қўйиб юборилган. Бироқ дастлаб ҳеч қандай ижобий натижага эришилмаган. Чунки «африкаликлар» «европаликлар»дан бегонасираб, уларни чақиб ўлдираверган. Шунга қарамай, вақт ўз ишини қилди. Орадан йиллар ўтиб, икки қитъа асаларилари ўзаро «дил топишдилар». Натижада шафқат билмас асаларилар ўрнини аста-секин беозор турлари эгаллади. Хавф-хатар табиий равишда ортга чекинди.

Асаларичилар ва соҳа мутахассислари хулосаларига таянсак, ҳозир Лотин Америкасида бирорта ҳам «насли тоза» асаларилар оиласи йўқ. Бундан қатъи назар, табиатнинг одиллигини қаранг: у аввалига одамзодни ножўя қилмиши учун қаттиқ жазолади, кейин эса яна саховат кўрсатиб, инсоният хатосини ўзи тўғрилади.

Шубҳасиз, бу биз – Ер фарзандлари учун катта сабоқ бўлмоғи жоиз!

Дўстларингизга ҳам юборинг: