Ёмон зўр экан, қўйиб юбордим!.. (Чизилган расм, «қахрамон»ни ошкор қиларкан. Қўймадим!..)

“ЛАГАНБОРДОРЛИК” МЧЖ (Ҳажвия)
Лаганбардорлик маъсулияти чекланмаган жамият раиси Мадагаскарда қолиб кетгач, Минқор Маййитга тоғора-тоғора суяк ғажиш имкони бўлди.
Аввалги раисни ўлишин роса кутди. Ўлишини соғиндим дея шеърлар ёзди. Кечалари билан мансабни эгаллаш ҳақида ўйлади. Унинг ўрнида ўзини тасаввур қилиб лаганбардорликнинг барча машғулотларини машқ қиларди. Ундаги лаганбардорлик учун бўлган туғма истеъдод, машғулотлар билан омухта бўлиб лаганбардорликнинг етук шахсини юзага қалқитди. Аввалги раисни мазаси қочиб София ибодатхонасига даволанишга кетганда, “Нимага даволанади, Оллоҳим унинг ташрифига интизор, жаннат дарвозалари очиқ, қариди-ўлмайдими?!” дея аю-ҳаннос кўтарганди.
Мана, ва ниҳоят Минқор Маййитга худони бергани шу бўлди. Худо уни пешонасига “Лаганбардорлик”ни тақдир қилиб битди. Маъсулияти умуман чекланмаган “Лаганбардорлик” жамияти ўзига қолди. Уни биров сайламади. Креслога ўтириб кўрди, креслони силади. Шарт ўрнидан турди-да, ўзини ўзи раис деб эълон қилди. Ишни шиор ўзгартиришдан бошлади. Жамиятнинг “Қуёшли, қуёшли…” шиорини йиртиб ўрнига, “Берай калиш, чапак чалиш…” деган шиор ёздирди. Ватан онадир деб айтди-да, давлатни кўкрагига ёпишди, иккинчи эмчагини бошқа лаганбардорлик жамиятлари сўрмаслиги учун кейинги қўли билан чангаллаб олди.
Амалдорлар итдек садоқатли деб ўйласин дея янги амалдорларга янгидан янги мадҳиялар ёзишга киришиб кетди. Эски мадҳияларини онасини ўчоғига тиқиб ёқди. Мадҳиялар учун сези чиқмас гўрхона излади. Уни мадҳияларини эшитган амалдорлар ҳақиқатдан ҳам итдек садоқатли экан дея кўп-кўп суяк берадиган бўлди. Аввалги раҳнамоларидан юз ўгириб янги раҳнамоларининг йўлига тилини поёндоз мисоли тўшаши ҳам, амалдорларга содиқлик рамзи сифатида кўринди. Лаганбардорлик жамиятини ривожлантириш ишига қизғин киришиб кетди. Лаганбардорлик бўйича мусобақалар ўтказиб ғолиб бўлганларни жамиятга ишга қабул қилди. Қатнашганларни жамиятга аъзо сифатида қабул қилиб қўлларига гувоҳнома топширди. “Қуёшли юрт лаганбардори” ё “Лаганбардорлик жамиятининг” аъзоси деган гувоҳнома эгаларини давлат кўкрагидан сўришига, ўзгалар ҳаққини ейишига, халқ берган солиқни кераксиз қоғозларга сарфлаб, бу қоғозларни яна халққа сотиш имкониятлари яратилди. Улар бу гувоҳномани рўкач қилиб бормаган жойи Мадагаскар қолди.
Бир йил тўлар-тўлмас юқори даражада саройга силжиш ишлари амалга оширилди. Шодон чапак чалиш, қичқириб чапак чалиш, бир оҳангда чапак чалиш, ҳар бир нуқтада чапак чалиш қаторлари тўлалигича тўлдирилди. Энг бой чайқовчи-ю, ҳокиму президентгача мослаб тайёр мадҳияларни шаблонлари яратилди. Президентни қандай мақташ керак, ҳокимни қандай мақташ керак, савдогарни қандай мақташ керак булар устида кўп иш олиб борилди. Анчайин ишлар қилинди. Шундай қилиб “Лаганбардорлик МЧЖ”нинг янги даври бошланди. Янгидан янги шоирларни қалаштира бошлади. Тадбирларда Минқор Маййитнинг шеъру қўшиғи, наъшу-намоси, ёғлиқ лисони жаранглай бошлади.
— Ҳурматли олам сарвари, жонимнинг раҳнамоси, тупроқни яратувчиси! Сиз бу дунёни ҳам у дунёни ҳам қуёшдек ёритасиз! Сиз кўзимиз ойнаси, қувончимиз, нуримиз! Агар сиз бўлмасангиз, қуёшли юртда қушлар ҳам сайрамасди!
– Шундай! Шундай! Сиз кўзимиз ойнаси, қувончимиз, нуримиз!… қушлар ҳам сайрамасди! қушлар ҳам сайрамасди! қушлар ҳам сайрамасди! – такрорларди қатордаги чапак ишчилари.
Кўзларида умид, илинж, шукроналик, фахриядан масрурлик , ялтоқилик нурлари чақнаб яна давом этарди ҳар тадбирда Минқор Маййит:
– Сиз шамол, шамолсиз дарахтлар ҳам силкинмайди! Сиз борсиз-ки кўчаларда арча бор, боғларда мева бор, бу дунёда дарахт бор.
– Сиз шамол, шамолсиз дарахтлар ҳам силкинмайди. Сиз шамол, шамолсиз дарахтлар ҳам силкинмайди, – такрорларди қийқириб чапак чалувчи хизматидагилар.
– Сиз туфайли болаларим бу дунё юзини кўрди!
– Шундай, шундай!… – гулдурос қарсаклар остида такрорларди бир оҳангда чапак чалувчилар.
– Сиз бизнинг баҳоримиз, ҳатто қишда ҳам!
– Сиз бўлмасангиз, ой ҳам чиқмайди!
Мақтов кимга ёқмайди, итни бошини силаб мақтаб қўйсанг итга ҳам ёқади, бос десанг босади. Мақтовинг ҳаддидан ошса мушук тирнайди. Лаганбардорлик МЧЖ буларни ўрганиб чиққан бўлса-да, турли мақтовин хатоларга йўл қўярди
. Бир кун шу даражада мақтовлару мадҳлар ёғилганда умум бошлиқ ўзини қилмаган ишларидан уялиб кетди-ю, “Бўлди, бас. Бир кунгина мени мақтаманглар! Эртага мени мақтамаслик куни!” деб айтди. Лаганбардорлик МЧЖ ходимлари қўлида китоб билан бу гапга қарсаклар чалиб:
– Сизни мақтамаслик ҳам энг гўзал мақтовдир! – деб мақтамаслик кунини мақташга тушиб кетди.
Бу жараёнлардан чарчаган умум бошлиқ “Мақтов эшитиш ва китоб ўқиш” бурч дея эшикдан чиқиб кетди. Ясовуллар эшикни жуда оҳиста ёпишди. Ўша кундан бошлаб ҳокимлар ҳам, ўғрилар ҳам, умрида китоб кўрмаганлар ҳам, лаганбардорлар ҳам ҳар қандай китобни мақтаб-мақтаб ўқий бошлади. Китоб ёзганга жабдуғ ҳам йўқ, китоб ўқиганга эшакни араваси-ю, дамасни спарки ҳам берила бошлади. Лаганбардорлик МЧЖ томонидан китобни мақтаб ўқитиш, китоб ўқиганни мақташ, қарсак чалиб китоб ўқишни машқ қилдириш гуруҳлари шакллантирилди. Умрида китоб ўқимаган бир ҳоким китоб ўқиди. Бу жараёнларга Лаганбардор МЧЖ тинч қараб тура олмасди.
— Китоб ҳам сиздан сабоқ оляпти!
– Ура -ура!
— Сизнинг юзингиздаги қуёш жилваси китобнинг олтин варақаларида аксланади!
– Ура -ура!
– Сиз билан кечаларимиз ёруғ!
– Ура -ура!
– Сизнинг ақлингиз китобдан ҳам кенг!
– Ура -ура!
– Чироқ келдими?!
– Шеърдан бўлсин, шоир!
– Юртнинг ғами йўқ, элнинг қорни тўқ.
Ватан ҳам ҳоким каби улуғ!
-Бале-бале…
– О, сиз даҳо!
—Бу қалам, сиз ҳақингизда абадий шеър ёзиш учун яратилган!
– Битта уй совға!
– Сиз ердек улуғ, осмондек баландсиз!
– Битта мошин совға!
– Сизсиз қушлар ҳам учмайди!
– Қушларга битта чорпоя совға!
– Сиз билан сув ҳам ширин!
– Ўн қоп шакар совға!
Мадҳни олувчи ҳам берувчи ҳам бир тоифа эди бу ерда. Буларни суҳбатлари ҳам мақтов ичра бўларди.
– Вой, янги костюм сизга жуда ярашибди!
— Бу эски костюмим-ку!
— Ҳа, эскилиги ҳам янгиликдай сизга ярашиб турибди!
— Сизнинг ортингизда қанча тролл ишлаяпти?
— Сизнинг ортингизда эмас, сиз учун жон бериб югурмоқда!
— Бале, балее…
— Сиз кирган хона ўзидан-ўзи ёруғ бўлиб кетади!
— Свет ёқилгани учун-ку!
— Ҳа, свет ҳам сизнинг изнингиз билан ёнади!
— Сиз овқат қилсангиз, туз ҳам ширин бўлади!
— Сизсиз йиғилиш ҳам бошланмайди!
— Камчиликларингиз ҳам орзу-умидларга ўхшайди: ҳаммаси улуғ!
— Сиз юрганда ер силкинади!
— Ҳа, одамлар у ердан қочиб кетади-ку!
— Йўқ, қочишмайди, балки сизга йўл беришади.
— Чироқ ўчяпти, негадир…
— Раҳнамо жилмайса бутун шаҳар ёруғ бўлади.
Лаганбардорлар тараққиёти шундай эди. Лаганбардорлик тараққиётнинг юқори чўққиси эди. Лаганбардорлик МЧЖ ходимлари жонфидо ишларди. Буларни орасида мукофатланганлари бисёр эди. “Мис баркаш”, “Тилла тезак”, “Кумуш товоқ”, “Олтин сумак”, “Чалғи чапак” мукофатларини олган лаганбардорлар алоҳида эътироф этиларди. Энг юксак мукофати бу “Олтин ялоқ” ҳисобланиб бу учун жуда кўп меҳнат талаб қилинарди. Бу мукофотга эришишни ўзи бўлмасди. Бир соатлаб тўнқайиб туришу, икки ёшли гўдакдай эмаклаб юришларни устаси бўлиш керак бўларди. Соғлиғингни ўша жисмоний машқлар ҳам сақлаб турмасди. Беткай кетар бел қолар, беклар кетар эл қолар, бўлди бас дейилса ҳам буларга бенаф эди. Бекка етай деб бели синиб кетгани минг эди.
“Олтин Ялоқ” мукофати шамойилини лаганбардор рассом Ҳаворанг Ёғду чизиб берганлиги учун бу мукофат қабул қилинган эди. Жамиятга аъзолар ичида оддий печкачидан тортиб ҳокиму вазирларгача бор эди. Ҳаммасининг атрофида “Лаганбардорлик МЧЖ” ни филиаллари бор бўлиб ўз тарафкашларига эга эди. Ҳоким фермерни сувга тиқса, сувнинг инсонга фойдаси ҳақида ёзар, ўтинчи дарахт чопса, дарахтнинг шаҳарга халал бериши ҳақида ёзишдан ташқари уларга қасидалар ҳам битарди бу лаганбардорлар. Уларнинг энг катта душмани мантиқ ва ечим эди. Шариатда душмани ҳадис эди, ҳадис бўлиб ҳам Муҳаммад пайғамбарни “Маддоҳни кўрсангиз, ўша заҳоти юзига тупроқ сочинг” деган гапи эди. Шу ҳадисга қарши бетиним жидду жаҳд ила жанг қиларди. “Лаганбардор МЧЖ” ни шакллантириш низомининг тузилган биринчи қоидаси “Суратларга доим жилмайиб тушиш” эди. Жилмайиб тушилмаган қанча суратлар йўқ қилинди. Қанча газит-журналлар жилмайган сурат кетгани учун нашр этилмай қолди. Хўмрайма! Жилмай! Шунақа деб бир-бирини дўппослаб кўкарган кўз аро тиржайишга ҳаракат қиларди. Жилмаймаган одамларни суратга олгани учун Холид Шаман ишдан бўшаб кетди. Энаси ўлган куни ҳам жилмайиб суратга тушгани учун бошқа бир Волид ишга жойлашди “Лаганбардор МЧЖ” га. Минқор Маййит бу ишлардан ташқари поғона-поғона мақташни йўлга қўйди. Бу унинг доҳиёна топилмаси эди. Мисол учун фаррош қоровулни мақтайди, қоровул қоровулларни бошлиғини мақтайди, қоровулларни бошлиғи уни ишга олган одамни мақтайди, ишга олган одам ишчини мақтайди, ишчи ўринбосарни мақтайди, ўринбосар раисни мақтайди. Раис олий ва олияларни мақтайди. Ёлғиз қолганда ойнага қараб ўзини ўзи мақтайди. Бу “Лаганбардорлик МЧЖ” поғоноли тизими бўлиб, ривожланишнинг олтин йўлаги деб қаралди. Бу илк бор қуёшли юртда йўлга қўйилди. Ҳатто Англияда ҳам, Германияда ҳам бунақа тизим йўқ. Бундай тизим яратиш учун чекланмаган ақл керак. Буни яратгани учун Минқор Маййит қачондан буён ўзини қаҳрамондай тутиб бетиним “Олтин Ялоқ” мукофатини биринчи даражалисини олиш учун ҳаракат қиляпти. Аъзоларнинг асосий вазифаси — бошлиққа ва юқоридагиларга хушомад айтиш, буни унутганлар эса бу жамиятдан ҳайдалади, ишидан айрилади. Ҳар қандай бошлиқни бошда кўриши шарт.
— Ростини айтинглар-чи, сизлар менсиз нима қиласизлар? – гоҳида сўраб қолади бошлиқ.
Хушомадчилар, маддоҳлар, чапакчилар жавоб беради:
— Бошлиқ, сизсиз биз ўзимизни топа олмаймиз. Ҳатто сўз ҳам тополмаймиз!
Шу тариқа хушомадчиларнинг тили яна-да чархланиб боради. Қулоқлари остида доим “яна-да мақта-а!” деган овоз бўлади.
Халқни қулоғи остида уларни овози жаранглайди:
— Менда камчилик йўқми?
— Камчиликларингиз ҳам катта фазилат!
– Бошлиқ, сизнинг сўзингиз қонундан ҳам кучли!
– Шундай! Қонунлар бекорга ёзилган!
– Қонунлар ўзгарувчан! Бошлиқни сўзи суд ҳукмидан устун!
— Сиз кулсангиз, гуллар очилади!
– Сиз ичиб йиқилиб тушмадингиз, сиз она ерни маҳкамроқ қучиб қўйдингиз! Ватанни сиздек севувчи йўқ!
– — Сизсиз қуёш ҳам чиқмайди!
– Сизнинг юзингиз ойдек!
– — Сизсиз дарё ҳам оқмайди!
– Сизсиз ишхонанинг эшиги ҳам очилмайди!
— Қўриқчи бор-ку!
— Қўриқчи ҳам сиздан қувват олади!
– Сиз йиғилишга кирсангиз, ҳаво ҳам янгиланади! Сизни қаршингизда кондиционер ҳам пўқ жеган товуқдай!
– Сизсиз осмон кўк эмас! Осмон мусаффо эмас!
– Сизнинг ғояларингиз сувдек тиниқ!
– Сизсиз далаларда ҳосил йўқ!
– Сизсиз одамлар чеҳрасида қувонч йўқ!
– Нега шунча мақтайсан?
— Чунки сизсиз менда бирор сўз ҳам йўқ!
Буларни бунча мадҳини эшитиб бу жамиятга ишга киришдан, бу жамиятга аъзо бўлишдан мен қўрқиб кетаман гоҳ. Мен ҳатто аёлларга зўрға хушомад ураман. Булар аёл-эркак фарқи йўқ хушомад уради, гулга тилини суртиб гул тутади. Эркакнинг эркакка бу даражада хушомадларини кўргач қўрқасан-да! Буларнинг барчаси ЛГБТмикан дея қўрқасан. Бошлиқ қараса,
— Сизнинг кўзларингиз шунчалик ёруғки, қўшни қишлоқда электр йўқолса, сизга қараб чой қайнатишаркан! – дейди булар.
Бошлиқ гапирса,
— Бундай най навосини ҳатто Бухоро мадрасалари эшитмаган, жондан ўтади овозингиз! — дейди булар.
Бошлиқ кетини қашиса,
— Сизнинг қашишингиз ҳам одамга илҳом беради! – дейди булар.
Бошлиқ йўталса,
— Сизнинг йўталингиз ҳам мусиқа каби! – дейди булар.
Бошлиқнинг ити ҳурса,
— Вой, ҳатто ит ҳам сизга Минқор Маййит шеърини ўқиб бераяпти, – дейди булар.
Бошлиқ оғзидаги тишини чиқариб истолга қўйса, уни тозалашга ҳаммаси ишқибоз. Сувсоқнинг ўйи сувда бўлгани каби буларнинг ўйи хушомадда бўларди.
“Лаганбардор МЧЖ” аъзолари ўзларининг нақадар хунуклигини ойнага бир бор қараб кўрса, халқ уларнинг хунуклигини ҳар кун, ҳар соат кўриб неча йиллардан буён чидаб келаётганини ҳис қилса-да, жамият учун буни жонфизолик деб билади. Аслида-ку қулдан тепа бўлмас, қумдан қўрғон…
Куни кеча Минқор Маййит Ҳажга бориб келди-ю, Жафоийни қадами етмаган жойни тили билан олди Минқор дея аъшорлар битди. Бу битиклар кал бўлсам ҳам мени тепа сочимни тиккан қилди.
Ҳатто Жафоий бориб келолмаган жойга мен бордим дея аюҳаннос солди. Чапакчилар “ура, гип-гип” ритмидаги чапагини чалишди. Шу бориб келиши унга илҳом манбаи бўлиб кўзи бурнидан кейинга ўтмай қолди. Баркашбардорлик оламида ўз танасига қараб тахаллус танлаганлар қаторида қаҳрамонимиз тахаллуси ҳам бор. Кўз олдидан олисни кўрсатмаган бурунга нисбатан Минқор деб олган эса, мурдашў танага нисбатан Маййит тахаллусини олган эди. Ана ўзлари ҳам келиб қолдилар…
– Ура-ура! Гип-гип!
– Ура-ура! Гип-гип!
– Ура-ура! Гип-гип!
Талант ТОЛЕРАНТ.
7.09.2025