Непалда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Непалда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Непалдаги фуқаролардан шахсий хавфсизлик учун ҳукумат кўрсатмаларига амал қилишни сўради.

Непал пойтахти Катманду ва бошқа қатор шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакатда комендантлик соати жорий қилинган. Тўқнашувлар содир бўлаётгани ва жароҳат олганлар ҳақида хабарлар тарқаяпти.

“Шахсий хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида Непал ҳукумати кўрсатмаларига амал қилишга, хусусан, одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади”, дейилади элчихона огоҳлантиришида.

Фавқулодда вазиятларда Деҳлидаги элчихонанинг +91 94994 85962 (Теlegram/WhatsApp) рақамига мурожаат қилиш мумкинлиги билдирилган. Маълум қилинишича, телефон рақами тун-у кун ишлайди.

Аввалроқ Непалда намойишчилар президент қароргоҳига ўт қўйгани хабар қилинганди. Шу билан бирга, улар мамлакат Бош прокуратураси ва Катманду туман судига ҳужум қилиб, иш ҳужжатларини ёқиб юборган. Давом этаётган намойишлар фонида мамлакат ҳукумати вакиллари фуқароларни босиқликка чақирмоқда.

Полиция билан тўқнашувлар натижасида 22 нафар намойишчи ҳалок бўлди, юзлаб киши жароҳат олган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: