Германия қайта қуролланмоқда: бу қанчага тушади?

Германия Бундесверни Европадаги энг кучли анъанавий қуролли кучларга айлантириш мақсадида ҳарбий харидларнинг кенг қамровли режаларини тақдим этди, деб хабар бермоқда Hartpunkt нашри.
Федерал бюджет лойиҳасига кўра, 2041 йилгача қурол-яроғ харидларига 350 миллиард евродан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилган. Харажатлар энг юқори нуқтага 2029–2030 йилларда етиши кутилмоқда — ҳар йили тахминан 52 миллиард евро сарфланади.
Энг катта харажат моддалари:
Ўқ-дорилар — 70,3 млрд евро
Жанговор техника — 52,5 млрд евро
Кемалар ва денгиз жиҳозлари — 36,6 млрд евро
Самолётлар ва ракеталар — 34,2 млрд евро
2025 йилда ҳарбий харидлар учун 8,2 миллиард евро,
2026 йилда эса 22,3 миллиард евро сарфланиши режалаштирилган.
Энг йирик харажатлар 2029 ва 2030 йилларга тўғри келади — ҳар йили 52 миллиард евродан зиёд. Ушбу режалар парламент тасдиғини талаб қилади.
Бундан ташқари, бюджет лойиҳасида 2027–2041 йиллар учун 325 миллиард евролик мажбуриятларни қабул қилишга рухсатлар ҳам кўзда тутилган.
Бу рухсатлар мудофаа вазирлигига келгуси йилларда сарфланадиган маблағлар бўйича мажбуриятлар олиш имконини беради — хусусан, танклар ёки ҳарбий кемалар каби узоқ муддатли ишлаб чиқариш техникаси учун буюртмалар беришда.
Бундан аввал Financial Times ёзишича, Европа мудофаа корхоналари ўз фаолиятини Украинадаги уруш бошланишидан олдинги даврга нисбатан уч баробар тезроқ кенгайтирмоқда. Улар ҳозирда 7 миллион квадрат метрдан ортиқ ишлаб чиқариш майдонларини эгалламоқда.
Нашр буни «тарихий масштабдаги қайта қуролланиш» деб баҳолади.