Бразилиянинг собиқ президенти 27 йилга қамалди

Бразилия Олий суди Жаир Болсонаруни 2022 йилги президентлик сайловида мағлубиятдан сўнг ҳарбий тўнтариш уюштиришда айбдор деб топди. Reuters’нинг ёзишича, суд ҳайъатининг беш аъзосидан тўрт нафари 70 ёшли собиқ президентни жиноятга алоқадор деб топган.
Маълумотга кўра, Болсонару сайловда ҳозирги президент Луис Инасио Лула да Силвага ютқазгач, ҳокимиятни сақлаб қолиш учун фитнага раҳбарлик қилган. Гарчи ҳарбийлар уни етарлича қўллаб-қувватламаган бўлса ҳам, 2023 йил 8 январ куни унинг тарафдорлари ҳукумат биноларига бостириб киришган.
Айни пайтда уй қамоғида сақланаётган Болсонару айбловларни рад этмоқда. Унинг ҳимоячилари апелляция бериши кутилмоқда.