Тошкентда яна ётоқхона муаммоси: Олий таълим вазирлиги вазиятга изоҳ берди

Тошкентда яна ётоқхона муаммоси: Олий таълим вазирлиги вазиятга изоҳ берди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган ётоқхона масалалари бўйича расмий изоҳ берди.

Қайд этилишича, талабаларни турар жойга жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент асосида амалга оширилмоқда.

2024/2025 ўқув йилдан бошлаб барча курс талабалари учун ётоқхонага жойлашиш жараёни тўлиқ онлайн шаклда жорий этилган. Талабалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза топшириши мумкин.

2025 йил 12 сентябр ҳолатига кўра, жами 63 804 та ариза келиб тушган. Шундан 40 265 нафар талаба учун йўлланмалар автоматик шакллантирилган, 21 767 нафар талаба эса навбатда турибди.

Вазирликка кўра, аризаларнинг “жараёнда” туриши кечиктириш эмас, балки регламентга мувофиқ навбат шакллантирилганини билдиради. Ўринлар босқичма-босқич тақсимланади ва аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги талабалар учун устуворлик берилади.

Аризаларни кўриб чиқиш тартиби қуйидагича:

агар ётоқхонада бўш ўрин мавжуд бўлса, йўлланма автоматик шакллантирилади;

агар бўш ўрин бўлмаса, талаба навбатга қўйилади ва бу ҳақда хабарнома олади;

ўрин бўшаган тақдирда навбатдаги талаба жойлаштирилади.

Шунингдек, Ҳукуматнинг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига мувофиқ, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара асосида яшовчи талабалар учун ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган. Тошкент шаҳрида бу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварини (ҳозирда 412 минг сўм), бошқа ҳудудларда эса ярим бараварини (206 минг сўм) ташкил этади.

Шу боис талабаларни ётоқхонага жойлаштириш ва ижара харажатларини қоплаш жараёнлари қонунчиликда белгиланган тартибда ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: