Германия “Толибон” билан бевосита музокаралар олиб бормоқда

Германия “Толибон” билан ноқонуний муҳожирларни Афғонистонга мунтазам депортация қилиш бўйича бевосита музокаралар олиб бормоқда, деб ёзмоқда Deutsche Welle.
Германия Ички ишлар вазирлиги бундай музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. Нашрнинг ёзишича, Ички ишлар вазири Александр Добриндт депортация рейслари Афғонистонга “мунтазам равишда ва тез-тез” амалга оширилишини истамоқда.
Режага кўра, депортация жараёни фақат чартер рейслари билан эмас, балки оддий авиарейслар орқали ҳам амалга оширилади.
2021 йил августида Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан бери Германия ушбу мамлакатга икки марта депортация ўтказган. 2024 йил августида жиноятда айбдор деб топилган 28 нафар шахс Кобулга депортация қилинган. 2025 йил июлида эса 81 нафар эркакни Афғонистонга юборилган. Германия федерал ҳукумати маълумотига кўра, улар орасида қотиллик, жинсий зўравонлик ва наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар содир этганлар бор.