Google журналистик материаллардан ноқонуний фойдалангани сабаб судга берилди

Rolling Stone, Billboard ва Variety каби нашрлар эгаси Penske Media компанияси Google’ни Вашингтондаги федерал судга берганини маълум қилди. Даъвога кўра, технология гиганти ўзининг сунъий интеллект тизимлари орқали журналистик материаллардан рухсатсиз фойдаланиб, нашриётларнинг расмий сайтларига ташриф буюрувчилар сонини кескин камайтирган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Мазкур иш Google (Alphabet) компаниясига қарши шу турдаги илк даъво сифатида қайд этилмоқда. Нашриётлар бир неча ойдан бери Google’нинг янги “AI умумий маълумотлар” функцияси уларнинг аудиториясини тортиб олаётгани, бунинг оқибатида реклама ва обуна даромадлари қисқараётганини таъкидлаб келмоқда.
Penske Media’нинг билдиришича, Google фақат AI хулосаларида мақолалари ишлатилган тақдирдагина қидирув натижаларда уларнинг сайтларига ҳавола беради. Акс ҳолда, Google нашриётларга ўз контентларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун ҳақ тўлаши лозим эди. Компания буни Google’нинг қидирув бозоридаги ҳукмрон мавқеидан фойдаланиш сифатида баҳоламоқда. Федерал суд қарорига кўра, Google АҚШ қидирув бозорининг қарийб 90 фоизига эгалик қилади.
Даъводa келтирилишича, Penske Media сайтларига ташриф буюрувчиларнинг қарийб 20 фоизи ҳозирда AI орқали шаклланган шарҳлар сабаб камайган ва бу улуш янада ортиши мумкин. 2024 йил охирига бориб, компания даромадлари учдан бир қисмидан кўпроғига қисқаргани таъкидланган.
Google эса ўз позициясида туриб, “AI Overviews” қидирув тизимини фойдаланувчилар учун янада самарали қилиши, контентни топиш имкониятларини кенгайтиришини билдирган. Компания ўзича қўйилган даъволарни асоссиз деб баҳолаб, судда ўзини ҳимоя қилишини маълум қилган.