Очлик ва қашшоқликда вафот этган Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон!..

Очлик ва қашшоқликда вафот этган Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон!..

Саид Абдуллахон (1871, Хива — 1933, Кривой Рог, Днепропетровск вилояти) — қўнғирот сулоласидан чиққан ўзбек ҳукмдори, рус ва совет тарихчилигида «Хива хонлиги» деб аталадиган Хоразм давлатининг сўнгги хони. У Хоразм давлатида амалга оширилган ҳарбий тўнтариш ва акаси ҳамда Асфандиярхоннинг ўлдирилиши ортидан тахтга чиқарилган. Саид Абдуллахон 1918 йил март ойидан 1920 йил 2 февралгача ҳукмронлик қилди. Бу даврда давлатнинг ҳақиқий ҳокимияти туркман явмуд қабиласидан чиққан ҳарбий вазир Жунайдхон қўлида эди.
1917 йил 5 апрелда Асфандиёрхон мажлис — вакиллик органини тузиш ҳақида манифест эълон қилди. Аммо кейинчалик вазият кескинлашиб, реакцион кучлар устунликка эришди. Натижада, ёш хиваликлар ҳукумати ағдарилди ва манифестда эълон қилинган ислоҳотлар бекор қилинди. Шу вақтда туркман қабила бошлиғи Жунайдхон Хивага қайтди ва хонлик қўшинларига қўмондон этиб тайинланди. Кўп ўтмай бутун ҳокимият унинг қўлига ўтди.
1918 йилда Нуриллабой саройида давлат тўнтариши пайтида Асфандиярхон Жунайдхон одамлари томонидан ўлдирилди ва тахтга унинг акаси Саид Абдуллахон ўтқазилди (1918–1920 йиллар). Бироқ ҳақиқий ҳокимият Жунайдхон ихтиёрида бўлди.
1919 йил кузида большевиклар раҳбарлари Хива хони ҳокимиятини ағдариш ҳақида қарор қабул қилди. Хоразмга Қизил Армиянинг қуролланган қисмлари юборилди. 1920 йил феврал бошига келиб, Жунайдхон қўшини бутунлай мағлуб этилди.
1920 йилда Саид Абдуллахон ЧК томонидан ҳибсга олинди. 2 февралда тахтдан воз кечди ва абадий яшаш учун Кривой Рогда юборилди. У ерда «Гвардейский» шахта бошқармаси ҳудудидаги «Гвардейский» посёлкасига жойлашди ва ўша ерда вафот этди. Эҳтимол, у Кривой Рогдаги «Гвардейское» қабристонга дафн этилган.
1932 йилда Украина ССРда оммавий очарчилик (Голодомор) бошланди. 1933 йилда Саид Абдуллахон оғир касал бўлиб, рудник шифохонасига ётқизилди. Унга дизентерия ташхиси қўйилди ва бир ойдан кейин узоқ давом этган касаллик ва очликдан вафот этди. Рудник қабристонда дафн этилди.
Авлодлари
1980-йиллар бошида украин ёзувчиси Григорий Жамалович Гусейнов Саид Абдуллахон авлодлари билан танишиб, Украинада хон авлодлари тақдири ҳақида тадқиқот олиб борди. Хусусан, у Саид Абдуллахоннинг жияни Абдурасул Мухаммадёрович Мадиёровдан интервью олди. Абдурасул Мадиёров Кривой Рогда яшар эди ва хон авлодлари тақдири ҳақида атрофлича ҳикоя қилди.
Гусейнов тадқиқотлари натижасини «Хон шахтада ишлаганида» номли очеркида ёзди.
1920 йил 2 февралда тахтдан воз кечгандан сўнг, Саид Абдуллахон ва унинг оила аъзолари большевиклар томонидан ҳибсга олинди. Хон ва унинг оиласи устидан суд жараёни 1920 йил 12 июнда бошланди. Ҳукмга кўра, Саид Абдуллахон ва унинг 9 (бошқа манбаларда 7) яқин эркак қариндошлари 3–5 йил муддатга Хоразм Халқ Совет Республикасидан чиқариб юборилди. Катта хон оиласининг қолган аъзолари —аёллар, қариялар ва болалар улардан ажратилди ва республика ҳудудида қолдирилди. Шунингдек, хон оиласининг барча мулки, пуллари, хазинаси, уйлари, ерлари ва мол-мулклари мусодара қилинди.
Сургунга юборилган 9 киши қаторида хоннинг ўзи ҳам бор эди. Улар: Саид Абдуллахоннинг ўзи, унинг уч ўғли — Саид Абдулла, Раҳматулла ва Яъқуб Юсуф, акаси — Муҳаммадёр, шунингдек, жиянлари — Абдурасул, Мадияр, Носир ва Ибодулла. Аввал уларни Хивадан Тошкентга олиб келишди ва икки кун ушлаб туришди. Кейин қўриқчи назорати остида поездда Самарага юборишди ва у ерда уч ҳафта сақланди.Улар Самарадан поездда Москвага олиб борилди. Москвада улар икки ҳафта Ордин лагерида, 10 ой Андрайков лагерида ва икки ой Иванов лагерида сақландилар.
1922 йил 12 февралда улар, шу жумладан Саид Абдуллахоннинг ўзи ҳам кутилмаганда озод этилди ва иш топиш буйруғи берилди. Аввал Екатеринославга (ҳозирги Днепр) юборилдилар, аммо у ерда иш топа олмаганлари учун қўшни Верховцевога кўчиб ўтишди ва маҳаллий совхозда иш бошладилар. 1924 йил июлида уларнинг барчаси — Абдурасул Муҳаммадяровичдан ташқари (у маҳаллий милиция мактабига ўқишга кирган эди) — Кривой Рогдаги «Дубовая Балка» (кейинчалик «Большевик») шахтасига келиб жойлашишди. Улардан уч нафари шахтада қўриқчи ва отбоқар бўлиб ишга киришди. Ўша вақтда марказий Украинада ишсизлик жуда кучли эди, шу боис қолганлари иш топа олмадилар. Бир томондан, улар рус ёки украин тилларини билмас эдилар, иккинчи томондан эса маҳаллий аҳолига хос ҳунар ва малакага эга эмас эдилар.
Хоразмдан қайғули хабарлар келиб турарди: мажбурий равишда ажратиб қолдирилган собиқ хон оиласи Хивада қашшоқликда, очликда кун кечирар, қўшниларнинг ёрдами ва садақаси ҳисобидан тирикчилик қиларди. Ҳатто кичик болалар ҳам тиланчилик қилишга мажбур бўлиб қолган эдилар.
Бу ҳақда билиб олгач, 1925 йил июль ойида улар Кривой Рогдаги ГПУ бўлимига, Украина ССР Халқ Комиссарлари Советига ва Барча Украина Марказий Ижроия Қўмитасига уйларига — Хоразмга қайтишга рухсат сўраб мурожаат қилдилар. Август бошида СНК ишлар бошқармаси котибияти уларнинг аризаси нусхаси билан танишиш ва таклифлар бериш учун Украина ССР Ички ишлар халқ комиссариатига мурожаат қилди. Ҳамроҳ хатда НКВД маъмурий бўлими бошлиғи: «Тўсиқ бўлмаса, уларнинг сўровини қондириш учун барча чораларни кўриш керак», — деб ёзди.
Аммо Украина ГПУси ишни кафолат учун Москвага — СССР Халқ Комиссарлари Совети ҳузуридаги ОГПУга юборди. 1925 йил 19 ноябрда ОГПУ Украина ГПУсига жавоб йўллаб, уларнинг Ватанга қайтиши «оммага турли таъсир кўрсатиши мумкинлиги» сабабли номақбул деб топди.
1926 йилда уларга Абдурасул ҳам қўшилди. У милициядан ишдан бўшаб, хотини Олимпиада билан Кривой Рогдаги шахта баракларидан бирига жойлашди. Катта оила шу ерда бирга яшай бошлади. Кейинчалик Саид Абдулла-хоннинг ўғли — Саид Абдулла маҳаллий аёл Влада Житковскаяга уйланди.
Саид Абдуллахоннинг ўзи Кривой Рогда оила қурмади ва «Большевик» шахтасида қоровул бўлиб ишлай бошлади. Уни иш жойида «Хон» деб аташган ва кўпчилик унинг аслида Қўнғирот сулоласидан чиққан Хоразм давлатининг сўнгги хони эканини билмас эди. 1932 йилда Украина ССРда оммавий очарчилик (Голодомор) бошланди. 1933 йилда Саид Абдуллахон касалланиб, шахта шифохонасига ётқизилди ва унда дизентерия аниқланди. Бир ойдан сўнг узоққа чўзилган касаллик ва озиқ-овқат етишмаслиги туфайли вафот этди. У шахта қабристонида дафн этилди.
Саид Абдуллахоннинг катта акаси Муҳаммадёр сургун қилиш вақтида қария бўлиб, тахминан 70 ёшда эди. У ишлай олмасди ва оммавий очарчилик бошлангач, тиланчилик қилишга мажбур бўлди. Саид Абдуллахоннинг кичик акаси Ибодулла эса Хоразмдан сургун қилинган бўлиб, болалигидан кар бўлгани сабабли деярли ишламас эди. Асосан шахта дўкони ёнидаги маҳаллий бозорда тиланчилик қиларди. 1934 йил ёзига келиб, очликдан қаттиқ заифлашиб қолган Ибодуллани юк машинаси уриб кетиб ҳалок бўлди.
1933 йилда сургун қилинганларга Марказий Осиёга ёки СССРнинг бошқа ҳудудларига чекловларсиз кўчиб ўтишга рухсат берилди. Шундан сўнг Саид Абдуллахоннинг ўғиллари Раҳматулла ва Юсуф Ёқуб Тошкентга кўчиб ўтишди. У ерда уларнинг қариндошлари истиқомат қиларди. Тошкентга келгач, улар Кривой Рогга мактуб йўллаб, ўз манзилларини хабар қилишди. Саид Абдуллахоннинг акаси Муҳаммадёр эса Хивага қайтишга қарор қилди. Аммо у Тошкентгача етиб келди ва ўша ерда тиланчилик қилишга мажбур бўлиб, 1936 йилда вафот этди. У шундай қилиб, ватан Хивага қайта олмади.
Хоннинг ўғли — Саид Абдулла хотини билан Тошкентга кўчиб ўтди ва у ерда таржимон бўлиб ишлади. Кейинчалик у Ўш шаҳрига кўчди ва геология-қидирув ишларида ишлади. Бир неча йилдан кейин ичкиликка берилиб кетди ва 1941 йилда бир одамни уриб юборгани учун беш йилга қамалди. Хотини эса 1944 йилда Кривой Рогга қайтиб кетди. Саид Абдулла 1960-йилларнинг бошларида вафот этди. Совет даврида сургун қилинганларга Хивага кириш қатъий таъқиқланган, бироқ СССРнинг бошқа ҳудудларига киришда ҳеч қандай чеклов бўлмаган.
1934 йилдан кейин Кривой Рогда фақат Носир ва Абдурасул қолишди. Носир қоровул бўлиб ишлади. У сургун қилинганлар орасида энг билимлиси эди, шеър ёзар ва расм чизарди. У бир неча марта уйланди, аммо қашшоқлик сабабли хотинлари уни ташлаб кетар эди. У умрининг охирини ёлғизликда ўтказди ва 1944 йилда вафот этди. Абдурасул эса кичик уй қурди, уйланди ва бутун умрини шахта посёлкасидан чиқмай ўтказди. Украина Учинчи Рейх томонидан оккупация қилинган пайтда у мажбурий ишга Германияга олиб кетилди. Германиядан қайтгач, яна шахтада отбоқар бўлиб ишлади. Унинг уч қизи, кейин эса набиралари ва абиралари туғилди. У 1990-йилларда вафот этди. Ўлимидан озгина олдин, 1990 йилда — яъни 71 йилдан сўнг Хивага бориб, бобоси Муҳаммад Раҳим-хон II қабрини зиёрат қилди. Бугунги кунда Украинада Абдурасулнинг авлодлари — Саид Абдуллахоннинг жияни ва Муҳаммад Раҳим-хон II набиралари ҳануз яшаб келмоқдалар.
2019 йил февралда эса Григорий Гусейновнинг «Шарқ шамоли» (укр. Вітер зі сходу) номли китоби нашрга тайёрланаётгани маълум бўлди. Ушбу китоб ушбу сургун қилинганлар ҳаёти тарихига бағишланган. Китоб Абдурасулнинг Григорий Гусейновга айтган кўп соатлик ҳикоялари, архив маълумотлари ва ҳужжатлар, 1990 йилда Хивага қайтиб келганидан кейинги таассуротларига асосланган. Шунингдек, китобда Абдурасул авлодлари томонидан берилган кўплаб суратлар, ҳужжатлар ва қўлёзмалар ҳам жой олган.
Ш. Ўлжаева ўзбекчалаштирди
Дўстларингизга ҳам юборинг: