Германия ҳукуматида Фаластинга ажратиладиган 30 миллион евро туфайли низо келиб чиқди

Германия ҳукуматида Фаластинга ажратиладиган 30 миллион евро туфайли низо келиб чиқди

Берлинда Яқин Шарқ сиёсати бўйича янги зиддият юзага келди. BILD нашри маълум қилишича, Германиянинг иқтисодий ривожланиш вазири Рим Алабали-Радован Ғарбий соҳилга қилган ташрифидан сўнг, Маҳмуд Аббос бошчилик қилаётган Фаластин автономиясига 30 миллион евро ажратишни таклиф қилди.

BILD манбаларига кўра, у бу ташаббус учун канцлер Фридрих Мерц ва молия вазири Ларс Клингбайльнинг розилигини олган.

Алабали-Радованнинг фикрига кўра, Исроил ҳозирги пайтда палестинликлар учун йиғилган солиқ тушумларини уларга ўтказмаяпти ва бу Фаластин автономияси тузилмалари молиявий таназзул ёқасига келиб қолишига олиб келди. Шу боис Германия бу ҳолатга аралашиб, молиявий бўшлиқни ёпиши керак, деб ҳисоблайди у.

Бироқ бу режа ХСС (Христиан-ижтимоий иттифоқ) томонидан қўллаб-қувватланмади. Бюджет муҳокамалари вақтида ХСС вакили Инге Грэсле бу ташаббусни тўсиб қўйди ва маблағлар аниқ қаерга сарфланиши ҳамда улар қандай назорат қилиниши ноаниқ эканини таъкидлади. ХСС депутатлар гуруҳи раҳбари Александр Ҳоффман эса шундай деди:
«Гуманитар ёрдам муҳим, лекин бу маблағлар Исроил хавфсизлигига таҳдид солувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши мумкинлиги тўлиқ истисно қилиниши шарт.»

Шунга қарамасдан, ҳукумат бу ғоядан бутунлай воз кечмоқчи эмас — музокаралар давом этмоқда. Шу билан бирга, Испания аллақачон Фаластин автономиясини қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма тузган. Айни вақтда эса канцлер Мерц Мадридда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: