Прокурор Мубашшир Аҳмадга нисбатан 7 йил қамоқ жазосини сўради

18 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга нисбатан кўрилаётган жиноят ишининг тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Қарийб 3 соат давом этган очиқ суд мажлисига юзлаб фуқаролар ташриф буюрди.
Иш – судя Бобур Раҳимов раислигида, қораловчи – Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев, шунингдек, Абдуллоҳ Содиқ бошчилигидаги адвокатлар иштирокида кўриб чиқилмоқда.
Тўртинчи суд мажлисида Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-моддаси, 244-1-модда ва 244-3-моддаларида назарда тутилган ҳаракатларни содир қилишда айбдор, деб топишни сўради. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўради.
Адвокатлар гуруҳи эса Алишер Турсуновдан 2 та модда: «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш» ҳамда «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» айбловларини олиб ташлашни сўради. Адвокатлар, шунингдек материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини билдирди. Шу сабабли, уни ЖК 70-моддаси тартибда бекор қилишни, тергов органлари расмийлаштириб олган техника ва ашёларни қайтаришни сўради.
Ҳимоячилар жамоасининг учала аъзоси ҳам жараёнда қўйилган 3 модда бўйича айблов томони ва экспертлар билан келишмаётган масалалар ҳамда эътирозларини билдирди. Шунингдек, ҳукм чиқаришда Мубашшир Аҳмаднинг саломатлиги, халқ ва ёшлар илм олишидаги ўрни, оилада ягона боқувчи эканига эътибор қаратиш сўралди. Уламонинг ўзи ҳимоячиларининг сўзига тўлиқ қўшилди.
Судья 22 сентябрь куни айбланувчига сўнгги сўз берилиши ҳамда ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашув хонасига киришини билдирди.
Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган