Қашқадарёда 2,5 ёшли боланинг димиқиб ўлишига сабаб бўлган боғча мудираси қамалди

Косон туманидаги боғчалардан бирининг раҳбари бўлган 31 ёшли аёл ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда турмуш ўртоғининг Spark машинасида болаларни ташиган. У 2025 йил 20 июн куни болаларни боғчага олиб келгач, 2,5 ёшли қизалоқни машинада унутиб қолдирган. 6 соат машина ичида қолиб кетган бола нафас ололмасдан, димиқиб вафот этган.
Косон туманидаги хусусий боғчалардан бирининг раҳбари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1994 йилда туғилган Лола Ҳақназарова 2024 йилда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилиб, унга раҳбарлик қилиб келган. У белгиланган талабларга зид равишда 2022 йил 16 декабрда туғилган Зарина Иззатиллаевани гарчи ёши етмаса ҳам боғчага қабул қилган.
Лола Ҳақназарова ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда турмуш ўртоғига тегишли Spark машинасида ҳар куни эрталаб болаларни уйларидан боғчага, кечда эса боғчадан уйларига ташиган. 2025 йил 20 июн куни ҳам у 7 нафар болани Spark’ка миндириб, боғчага олиб борган. Болаларни транспорт воситасидан тушириш жараёнида 2,5 ёшли Зарина Иззатиллаевани машинада унутиб қолдирган. 6 соат давомида эшиклари ва ойналари ёпиқ ҳолатдаги машина ичида қолиб кетган қизалоқ нафас ололмасдан, димиқиб вафот этган.
Лола Ҳақназарова судда айбига иқрорлик билдирган.
“Боғчада 25 нафар бола рўйхатдан ўтган. Айрим ҳолларда танишларимнинг фарзандлари ҳам келиб туришган. Болаларни ҳар куни турмуш ўртоғим Spark машинасида яшаш уйларидан олиб, боғчага олиб келарди. Айрим вақтларда ушбу машинада ўзим ҳам болаларни яшаш уйларидан боғчага олиб келиб-кетиб тураман. Лекин машина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномам йўқ.
2025 йил 20 июн куни эрталаб маҳаллада яшовчи 7 нафар болани яшаш уйларидан ўзим машинада олиб чиқдим. Улар орасида Зарина Иззатиллаева ҳам бор эди. Гарчи унинг ёши боғча ёшига етмаган бўлса-да, онасининг илтимосига кўра қабул қилганман.
Боғчага келиб, машинани йўл четида тўхтатдим. Сўнгра олд ўриндиқда ўтирган икки болани қўлимга кўтариб, орқа ўриндиқда ўтирган 5 нафар болани тушириш мақсадида машина орқа эшигини очиб кўйдим. Қўлимда кўтариб олган икки болани йўлдан боғча томонга ўтказиб қўйиб, машина олдига бораётганимда болалар ўзлари тушганини кўрдим. Шу пайт улардан иккиси хархаша қилишни бошлади. Шу билан овора бўлиб қолиб, машинадан барча болалар тушган-тушмаганига эътибор бермабман. Айни шу куни тарбиячи ишга келмаган, барча иш ўзимга қолиб кетганди”, деган у ўз кўрсатмасида.
Шундан сўнг Лола Ҳақназарова тушга қадар болалар билан шуғулланган. Соат 13:00 ларда тушлик қилдириб, ухлатишга олиб кирган. Болалар ухлагач, Зарина Иззатиллаеванинг йўқлигини сезиб қолган. Шу вақтда турмуш ўртоғи келиб, машина калитини сўраган. Шундан сўнггина қизалоқ машина ичида қолиб кетгани маълум бўлган.
Қизалоқнинг онаси судда боғча раҳбарининг эътиборсизлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтган ва унга қонуний чора кўришни сўраган.
“Қандай қилиб 6 соат давомида ўзи олиб борган боланинг йўқлигини билмаслик мумкин? Ҳисоб-китоб, саноқ бўлиши керак-ку. Қизим боғчага биринчи кун бориши эмасди, бир неча ойдан буён борарди. Қандай қилиб боғча раҳбари ва ва тарбиячилар унинг йўқлигини тушликка қадар билмасликлари мумкин? Ҳеч бўлмаса тушлик вақтида эътибор бериш керак эди-ку. Бу каби эътиборсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, деган у.
ЖИБ Деҳқонобод туман судининг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳукми билан Лола Ҳақназарова Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши) содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияда ўташ белгиланган. Лола Ҳақназаровага қўлланган гаров эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залида қамоққа олинган.