Бойсун тоғларида топилган қадимий қуроллар деҳқончилик сирини очди

Бойсун тоғларида топилган қадимий қуроллар деҳқончилик сирини очди

Сурхондарё вилоятининг бой тарихий меросга эга ҳудуди яна бир муҳим кашфиёт билан дунё олимларининг эътиборига тушди. Бойсун тоғларида жойлашган Тўда ғорида олиб борилган археологик қазишмалар давомида қадимий меҳнат қуроллари ва ёввойи донли ўсимликлар қолдиқлари топилди.

Қазишмалар жараёнида тошдан ясалган ўроқлар, ўсимлик уруғлари ҳамда уларга ишлов бериш учун қўлланилган асбоблар аниқланган. Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, ушбу топилмалар қарийб 9200 йил аввалги даврга тегишли. Бу эса минтақадаги инсонлар ўша пайтларда овчилик ва теримчилик билан чекланиб қолмай, илк деҳқончилик ишларини йўлга қўйганидан далолат беради.

Археологлар нафақат уруғ қолдиқлари, балки тош пичоқлар, турли хил ўроқлар ва ёввойи арпага ишлов бериш учун қўлланилган бошқа қуролларни ҳам топишди. Қуролларнинг юзасида ғалла пояларини кесиш ва қайта ишлаш жараёнларига оид излар ҳам сақланиб қолган. Бу эса кашфиётнинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи аниқлашича, топилмалар Евроосиё ҳудудида деҳқончилик мустақил равишда ривожланганини тасдиқлайди. Германиядаги Геоантропология институти илмий ходими Роберт Шпенглернинг таъкидлашича, бу ҳолат деҳқончиликнинг ягона ҳудудда эмас, балки дунёнинг турли минтақаларида, жумладан Левант ва Марказий Осиёда ҳам ўз-ўзидан шаклланганини кўрсатади.

Шу билан бирга, археологлар хулосасига кўра, Тўда ғорида топилган қуроллар Левант ҳудуди ва Қирғизистондаги Обишир-5 манзилгоҳида учраган асбоблар билан ўхшашликка эга. Бу эса турли минтақаларда яшаган қадимги аҳоли деҳқончилик усулларини мустақил равишда кашф этганини яна бир бор исботлайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: