Қоҳира арабча НАТО тузиш ғоясига иттифоқчилар топа олмади

Қоҳира арабча НАТО тузиш ғоясига иттифоқчилар топа олмади

Миср томонидан ишлаб чиқилган, НАТОга ўхшаш араб ҳарбий иттифоқини тузиш режаси Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) томонидан Доҳадаги саммитда рад этилди, деб хабар бермоқда Middle East Eye нашри мисрлик дипломатларга таяниб.
«Миср 1950 йилда қабул қилинган Ҳамкорлик ва Ҳимоя шартномаси асосида тезкор ҳаракат қилувчи мудофаа кучларини тузишни таклиф қилди. Бу кучлар аъзо давлатларни ташқи таҳдидлардан, жумладан, Исроилдан ҳимоя қилиш учун хизмат қилиши керак эди. Бироқ Қатар ва БАА бу ғояни қабул қилмади», – деган дипломат.

Асосий тортишув иттифоқдаги етакчилик масаласи бўлди:

Саудия Арабистони иттифоқ қўмондонлигини ўз зиммасига олишни истаган;

Миср эса ўзининг ҳарбий тажрибаси ва марказий ролини асос қилиб, бу мақомга даъвогарлик қилган.

Миср президенти саммитни чуқур ранжиш билан тарк этган, чунки Қоҳира Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб баҳолаб, унга қарши аниқ чоралар кўрилишига умид қилган эди. Қоҳира шунингдек, фаластинликларни мажбуран Мисрнинг Синай минтақаcига кўчириш эҳтимолига қаршилик билдириб, бу каби ҳар қандай ҳаракатга қарши туриш лозимлигини билдирган.

Қатар ва БАА эса бу масалада мулоҳазакорроқ позиция тутди:
Уларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни барқарорлаштириши ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни яна бошқа бирор араб давлатига ҳужум қилишдан тийиб туриши мумкин.

Бошқа араб давлатлари эса, Исроилга қарши қўйиладиган чоралар энди натижа бермаслигини таъкидлаб, АҚШ орқали Исроилга босим ўтказиш ва Ғазода оташкесимга эришиш энг мақбул ечим деб ҳисоблашмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: