Мопед ва скутерлар учун гувоҳнома талабидан юз минглаб ёшлар безовта

Ўзбекистонда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги қоида кучга киради — уларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилади. Бу қарор жамоатчилик орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Халқ демократик партияси (ХДП) эса ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдириб, жиддий эътироз билдирди.
Партия маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакат бўйлаб 130 мингдан зиёд ёшлар курьерлик ва етказиб бериш хизматларида айнан мопед ва скутердан фойдаланади. Ушбу ёшлар оила бюджетини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис гувоҳнома талаби амалга киритилиши уларни меҳнат ва даромад манбаидан маҳрум этиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
ХДП баёнотида қайд этилганидек, ҳукумат томонидан камбағалликни камайтириш ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилаётган бир пайтда янги талаблар ёшларни оғир аҳволга солиб қўйиши эҳтимоли катта. Шунинг учун партия қатор таклифларни илгари сурди:
– мопед ва скутер ҳайдовчилари учун гувоҳнома талабини 2026 йилгача кечиктириш;
– гувоҳнома олиш жараёни ва тўлов миқдорларини қайта кўриб чиқиш;
– давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларини енгиллаштириш.
Шунингдек, партия мазкур масала бўйича депутатлик сўрови киритилишини ҳам маълум қилди.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 июлдаги қарори билан электромотоцикл, мопед ва скутерлар учун алоҳида давлат рақамлари жорий этилган. Вақтинчалик тартибга кўра, рўйхатдан ўтказиш 2025 йил 30 сентябргача амал қилади. 2024 йил декабридан бошлаб эса мопед ва скутерни рўйхатдан ўтказиш учун БҲМнинг 1,5 баравари — 618 минг сўм тўлов белгиланган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу масалага оқилона ёндашиш талаб этилади. Чунки бир тарафдан ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши лозим бўлса, иккинчи тарафдан минглаб ёшларнинг кундалик даромади ҳам хавф остига қўйилиши мумкин.