Шимолий Кореяда парад: Мамлакат ҳарбий қудратини намойиш этишга тайёр

Шимолий Кореяда парад: Мамлакат ҳарбий қудратини намойиш этишга тайёр

Шимолий Корея октябрь ойида бўлиб ўтадиган йирик ҳарбий парадга тайёргарлик кўрмоқда. Унда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.

Парад ҳукмрон Корея Меҳнат партияси тузилганининг 80 йиллигига бағишланади. Шимолий Корея бу санани 10 октябрда нишонлайди. Одатга кўра, мамлакат ҳар 5 ва 10 йилда катта миқёсдаги ҳарбий парадлар ўтказади. Тайёрланиш аломатлари ёз ойларидаёқ сезилган эди.

“Июль бошидан буён Пхеньяндаги Мирим аэропорти яқинидаги тайёргарлик полигонида сунъий йўлдош суратлари ёрдамида шахсий таркиб, техника ва транспорт воситалари аниқланган”, деди аноним манба.

​Мутахассислар парад чоғида Шимолий Корея янги қурол тизимларини тақдим этишини кутмоқда. Тахминларга кўра, улар орасида янги авлод “Хвасон-19” қитъалараро баллистик ракетасининг “якуний версияси” ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, такомиллаштирилган “камикадзе” дронлари ҳам намойиш қилиниши эҳтимол қилинмоқда

“Ҳарбий парад учун сафарбар қилинган куч ва воситалар миқдори аввалги йиллардагидан кўпроқ бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилди манба.

​Шимолий Корея охирги марта 2023 йил сентябрь ойида мамлакат тузилишининг 75 йиллигига бағишлаб йирик тунги ҳарбий парад ўтказган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: