Дания аэродромлари устида кузатилган дронлар мамлакат ҳаво инфратузилмасига қилинган ҳужумдир

Бу ҳақда Дания адлия вазири Петер Ҳуммелгор фикр билдирди.
Унинг сўзларига кўра, бу бутун Европада юзага келаётган жуда хавотирли воқеалар занжирининг бир қисми бўлиб, бундан мақсад жамиятни бўлиш ва қўрқитишдир.
Ҳуммелгор Дания тез орада дронларни зарарсизлантириш учун “кучайтирилган воситалар”га эга бўлишига ваъда берди.
Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен мазкур ҳодисалар ортида ким тургани ҳозирча номаълумлигини, аммо бу тасодиф эмас, балки тизимли ҳаракат эканлигини билдирди. У бундай ҳаракатларнинг профессионал тайёргарликдан далолат беришини ва дронлар Данияга яқин ҳудуддан учирилгани эҳтимоли борлигини таъкидлади.
«Дания ҳарбийлари профессионал баҳолаш ва фуқароларнинг хавфсизлиги сабабли дронларни уриб туширмади, аммо улар ҳар қандай вазиятга тайёр», — деди Дания Бош штаби раҳбари Михаел Ҳилдгор.
Дания мудофаа вазири ушбу ҳодиса юзасидан NATO’га мурожаат қилганини билдирди. Шу билан бирга, Копенгаген NATO низомининг 4-моддасига мувофиқ бошқа аъзо давлатлар билан маслаҳатлашув ўтказиш масаласини ҳали ҳал қилмаганини қўшимча қилди.