Ҳиндистон АҚШга Россия нефтидан воз кечиш шартларини етказди

Ҳиндистон АҚШга Россия нефтидан воз кечиш шартларини етказди

Ҳиндистон расмийлари Трамп маъмуриятидан Россия нефти импортини сезиларли даражада қисқартириш эвазига санкциялар остида бўлган Эрон ва Венесуэладан нефт сотиб олишга рухсат беришни сўради, деб ёзди Bloomberg.

Шу ҳафта АҚШга ташриф буюрган делегация расмийлар билан учрашувлар чоғида бу илтимосни такрорлади, деди агентликка музокаралардан хабардор манба.

Ҳиндистон вакилларининг таъкидлашича, Россия, Эрон ва Венесуэладан – энг йирик таъминотчилардан нефт етказиб беришнинг бир вақтнинг ўзида тўхтатилиши жаҳон бозорида нефт нархининг кескин кўтарилишига олиб келиши мумкин. Музокаралар Вашингтон Россия билан нефт савдоси учун Ҳиндистонга қарши қатъий тарифлар жорий қилганидан сўнг бўлиб ўтди, бироқ таъкидланишича, мамлакат Россия нефтини кичикроқ ҳажмда бўлса ҳам импорт қилишда давом этмоқда.

Ҳиндистон савдо вазири Пиюш Гойял шу ҳафта Ню-Йоркда Америка нефт ва гази харидларини кўпайтириш истагини билдирди.

«Бизнинг энергия хавфсизлиги мақсадларимиз унда АҚШ иштирокининг жуда юқори улушини назарда тутади», деди у.

Bloomberg нашрининг ёзишича, Ҳиндистоннинг нефтга бўлган эҳтиёжининг деярли 90 фоизи импорт ҳисобидан қопланади ва Россиянинг арзонроқ таъминоти мамлакатнинг импорт ҳисобига юкни камайтиришга ёрдам беради.

Ҳиндистон танкерлар орқали етказиб бериладиган Россия нефтининг энг йирик харидори ҳисобланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: