Данияда ҳарбий базалар устида яна дронлар кузатилди

Кеча Даниядаги бир нечта ҳарбий объектлар устидан дронлар кузатилгани ҳақида Дания қуролли кучлари хабар берди. Ҳозирча бу ҳодисалар ҳақида бошқа маълумотлар ошкор қилинмаган.
Дания полицияси ҳам Ritzau агентлигига бир нечта номаълум учувчисиз учиш қурилмалари (БПЛА) аниқланганини маълум қилди. Аммо ҳеч бир ҳодиса мамлакатдаги аэропортлар устидаги ҳаво маконининг ёпилишига олиб келмади.
1 ва 2 октябр кунлари Копенгагенда Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Йиғилиш кун тартибидан жой олган асосий мавзулар — критик инфратузилмани ҳимоя қилиш ва Европанинг умумий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашдир.
Дания ҳукумати сўнгги ҳафталарда кузатилган дрон ҳужумларини гибрид ҳужумлар деб баҳолаб, бу ортида касбий имкониятларга эга бўлган номаълум актер турганини тахмин қилмоқда — мақсад эса мамлакатда беқарорлик келтириб чиқариш.
Россиянинг Копенгагендаги элчихонаси эса бу воқеаларга алоқадорлик ҳақидаги гумонларни рад этди.