АҚШ ва Буюк Британия шаҳарлари каламушлар «қуршовида қолди»

АҚШ, Буюк Британия, Канада, Голландия ва бошқа давлатларнинг йирик шаҳарларида каламушлар сони кескин ортаётгани кузатилмоқда.
Буюк Британия зараркунандаларга қарши кураш ассоциацияси (BPCA) маълумотига кўра, сўнгги беш йил ичида аъзо компаниялар каламушларни йўқ қилиш бўйича мурожаатларнинг ошганини қайд этмоқда. Масалан, Англия жанубида фаолият юритувчи Cleankill компанияси сўнгги икки йил давомида мурожаатлар 20 фоизга ортганини билдирди.
Science Advances журналида чоп этилган тадқиқотда сўнгги 20 йил ичида АҚШнинг Вашингтон (400 фоиз), Сан-Франсиско (300 фоиз), Нью-Йорк (160 фоиз) ва Канаданинг Торонто (180 фоиз) шаҳарларида каламушлар фаоллигининг кескин ўсиши қайд этилган.
Мутаҳассислар бундай вазиятни тез овқатланишнинг кенг тарқалиши, шаҳар чиқиндиларини йиғишдаги муаммолар, канализация тизимларининг бузилиши, шунингдек, глобал иқлим ўзгаришлари ва қиш фаслининг юмшоқ келиши билан изоҳламоқда.
Зараркунандаларга қарши кураш агентликлари узоқ муддат таъсир қилувчи препаратлардан фойдаланмоқда, бироқ каламушларда айрим заҳарларга нисбатан иммунитетни шакллантирувчи генетик мутациялар ҳам кузатилмоқда.
Мутаҳассисларнинг огоҳлантиришича, каламушлар одамлар учун хавфли касалликлар – лептоспироз, хантавирус ва бошқа инфекцияларни тарқатиши мумкин.