Трамп АҚШ наркокартелларга қарши уруш бошлаганини эълон қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Кариб минтақасидаги наркокартелларга қарши урушни амалда бошлаб юборганини билдирди: ҳукумат вакиллари АҚШ эндиликда картеллар билан «қуролли тўқнашув» ҳолатида эканини расман баён қилди.
Бу иборанинг аҳамияти жуда жиддий. Гап шундаки, илгари АҚШнинг террорчилик ташкилоти – ИШИД (ISIS) га қарши уруш ҳам айнан шу тоифага мансуб деб ҳисобланган эди. Бу эса Трамп де-факто наркокартелларга нисбатан йирик ҳарбий зарбаларни қонунлаштирганини англатади: энди АҚШ кучлари ҳатто бевосита таҳдид туғдирмайдиган рақибларни ҳам ўлдиришга, шунингдек уларни судсиз ва номаълум муддатга қамашга ҳақли бўлади.
📌 Шу вақтгача эса гиёҳвандлик контрабандачилари жиноятчилар сифатида кўрилган ва улар адолатли суд қилиш ҳуқуқига эга эди.
Трамп бу чораларни кучайтиришни «америкаликларни ҳимоя қилиш» билан асосламоқда. Бироқ юридик экспертлар бу қарорнинг қонунийлигига шубҳа билан қарамоқда: New York Times нашрига берган интервьюсида истеъфодаги ҳарбий судья Джеффри С. Корннинг тушунтиришича, бундай қарор учун картеллар томонидан қуролли ҳужум амалга оширилган бўлиши керак. Унга кўра, хавфли наркотикларни сотиш бундай ҳужумга тенглаштирилмайди.
Корн Трампни ваколатдан суиистеъмол қилишда айблади:
«Бу чегараларни ҳимоя қилиш эмас. Бу — уларни емиришдир,» — дея фикр билдирди у.