Эронда ҳижоб бекор қилиндими?

Эроннинг Мақсадлиликни текшириш кенгаши аъзоси Муҳаммадризо Бахонер мамлакатда мажбурий ҳижоб тўғрисидаги қонун ижроси тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Free Iran” телеграм канали хабар берган.
Бахонернинг таъкидлашича, ҳижобга оид қонун лойиҳаси эндиликда ҳуқуқий кучга эга эмас ва амалиётда татбиқ этилмайди.
“Ҳуқуқий ва суд нуқтаи назаридан ҳижоб тўғрисидаги қонун ижро этилмайди. Эндиликда ҳижоб кийиш қонуний жиҳатдан мажбурий эмас ва у учун ҳеч қандай жарима ёки ҳуқуқий оқибат белгиланмаган. Бу ҳақда полицияга ҳам хабар берилган”, — деди у.
Мазкур баёнот мамлакатда ҳижоб масаласи юзасидан узоқ давом этган баҳслар ва ижтимоий муҳокамалар фонида эълон қилинди. Шу тариқа, Эрон тарихида илк бор ҳижоб тақиш масаласи шахсий танлов сифатида эътироф этилди.