Ғазо бўйича музокаралар қачон ва қаерда бошланиши маълум бўлди

Ғазо бўйича музокаралар қачон ва қаерда бошланиши маълум бўлди

Ғазодаги можарога барҳам бериш бўйича «Трамп режаси»нинг биринчи босқичи эртага 5 октябрь куни Мисрда бошланади. Бу ҳақда Исроилнинг N12 телеканали дипломатик манбааларга таяниб хабар қилмоқда.

«Мисрдаги музокараларда [стратегик режалаштириш] вазири Рон Дермер Исроил делегациясига бошчилик қилади. Музокараларнинг биринчи босқичида гаровга олинганларни озод қилиш механизмини техник мувофиқлаштириш, сўнгра келишувнинг кейинги босқичлари бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган», – дейилади хабарда.

Агар келишув муваффақиятсизликка учраса, Исроил ҳарбий ҳаракатларни давом эттириши кутилмоқда. «Бизни драматик ҳафта кутмоқда» деб изоҳ берди Исроилнинг юқори мартабали мулозими.

Жума куни, ХАМАС ҳаракати Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича «Трамп режаси»га ўз жавобини берган эди. Унда ХАМАС ўт очишни тўхтатиш эвазига барча исроиллик гаровга олинганларни озод қилишга розилик билдирган эди.

29 сентябрь куни Оқ уй Трампнинг Ғазо секторидаги келишув бўйича “кенг қамровли режаси”ни эълон қилди. Бу, жумладан, Фаластин анклавида ХАМАС иштирокисиз вақтинчалик ташқи бошқарувни жорий этиш ва у ерда халқаро барқарорлик кучларини жойлаштиришни талаб қилади. Исроил режага розилигини эълон қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: