ЕИ қўмита яна мудофаа масаласида келиша олмади

ЕИ қўмита яна мудофаа масаласида келиша олмади
Хориж / ҲодисаларA A A
ЕИ қўмита яна мудофаа масаласида келиша олмади
Европа Иттифоқи мамлакатлари НАТОнинг шарқий қанотини дронлардан ҳимоя қилиш мақсадида режалаштирилган «дронларга қарши девор» лойиҳасини келиша олишмади.
ЕИ мамлакатлари деб аталган «дронларга қарши девор» қурилиши бўйича келишувга эриша олмади. Бу режа Финляндиядан то Румыниягача бўлган НАТОнинг шарқий чегарасида дронлар — жумладан, Россия томонидан учирилган ва номаълум учувчи аппаратларга қарши ҳимоя тизимини яратишни назарда тутган эди.
Шарқий Европадаги давлатлар учун ушбу ташаббус зарур чора сифатида кўрилмоқда. Бироқ чегарадан узоқда жойлашган мамлакатлар бу лойиҳани жуда катта харажат талаб қилади деб ҳисоблашмоқда ва унинг ЕИ ва НАТО мудофаа стратегиясига мос келишига шубҳа билан қарашмоқда. Шунингдек, улар Брюсселнинг миллий мудофаа сиёсатидаги ваколатлари кенгайиши мумкинлигидан хавотирда.
Бу масала 2–3 октябрь кунлари Копенгагенда бўлиб ўтган ЕИ етакчилари учрашуви ва Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида муҳокама қилинди. Франция президенти Эммануэль Макрон журналистларга шундай деди:
«Дронлар ва уларга қарши ҳимоя — бу устувор масала. Лекин биз аниқ тушунишимиз керак: Европа учун идеал девор йўқ. Гап 3000 кмлик чегара ҳақида кетмоқда. Сиз ўйлайсизмики, бу чегарани тўлиқ ёпиш мумкин? Жавоб — йўқ».
Германия канцлери Фридрих Мерц Politico нашри маълумотига кўра, музокаралар чоғида лойиҳани қаттиқ танқид қилган. Шу куни Мюнхен аэропорти дронлар туфайли вақтинча ишини тўхтатган — 15та самолёт бошқа шаҳарларга йўналтирилган. Сентябрь ойида Германиянинг шимолида ҳам номаълум дронлар аниқланган эди.
Европарламентнинг хавфсизлик бўйича қўмитаси аъзоси Ханна Нойманн таъкидлашича, бу «девор» ЕИ олдида турган янада мураккаб муаммоларни ҳал қилмайди:
«У бизга киберҳужумлардан ҳимоя, ҳаво мудофааси, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ёки қарор қабул қилишдаги тизимли муаммоларни бартараф қилишда ёрдам бермайди».
Европа комиссиясининг мудофаа бўйича комиссари Андрюс Кубилюс дронларни аниқлаш тизимини яратиш учун тахминан бир йил кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуруқлик ва денгизда тўлиқ ҳимоя тармоғи қурилиши 1 миллиард евро атрофида маблағ талаб қилади. Кубилюс таъкидлади:
«Бу янги Мажино чизиғи эмас — шу боис уни ‘девор’ деб аташ тўғри эмас».
Европа Иттифоқидаги келишмовчиликлар асосан молиялаштириш масаласига бориб тақалмоқда. Европа Комиссияси ва шарқий қанотдаги мамлакатлар қурилиш харажатларини ЕИ бюджети ҳисобидан қоплаш тарафдори.
Бироқ Италия бош вазири Джорджа Мелони ва Греция бош вазири Кириакос Мицотакис шундай дейишди:
«Қўшма мудофаа лойиҳалари бутун иттифоқ учун фойда келтириши керак, фақат шарқий мамлакатларга эмас».