Грузиядаги мухолифат маҳаллий сайловларни бойкот қилди

Грузиядаги мухолифат маҳаллий сайловларни бойкот қилди

Бу ҳақда DW хабар бермоқда.

«Грузияда 4 октябр куни маҳаллий сайловлар бўлиб ўтмоқда, унда шаҳар мэрлари ва маҳаллий бошқарув органларига икки мингдан ортиқ депутат сайланади. Бироқ кўплаб мухолиф партиялар сайловларда иштирок этишдан бош тортди, улар бу сайловларнинг натижалари ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партияси фойдасига сохталаштирилади, деб ҳисобламоқда. Сайловларнинг бойкот қилинишига яна бир сабаб кўплаб мухолифат етакчиларининг ҳибсга олиниши бўлди», дея ёзмоқда нашр.

Мухолифат сайловда қатнашиш ўрнига катта норозилик намойиши ўтказишни режалаштирмоқда. Уларнинг айтишича, бундан мақсад “тинч йўл билан ҳокимиятни ағдариш”. Опера хонандаси ва “Руставели проспекти” ҳаракати раҳбари Паата Бурчуладзе ушбу намойишларда 200 мингдан 300 минггача одам иштирок этишини билдирган. Тбилиси марказида намойиш учун саҳна ўрнатилмоқда.

Миллиардер ва “Грузия орзуси” партиясининг фахрий раиси Бидзина Иванишвили мухолифатни “давлат тўнтаришига уринишда” айблаб, мамлакат аҳолиси “ўз бирлигини, ютуқларини ва сўнгги йиллардаги эришилган натижаларни ҳимоя қилиши” кераклигини таъкидлади.

Мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 4 октябрдаги намойишларни «мамлакатни сақлаб қолиш учун охирги имконият» деб атади.

Сиёсатшунос Торнике Шарашенидзе бу ҳаракатларнинг самарадорлигига шубҳа билан қарамоқда. У 2024 йилнинг декабр ойида ўтказилган йирик намойишлар ҳам натижа бермаганини эслатди.

«Ўшанда мухолифат бирлашган эди, маблағ бор, президент ҳам уларнинг тарафдори Саломе Зурабишвили бўлган. Қўшимчасига, Ғарбнинг амалдаги ҳокимиятга босими ҳам катта эди. Аввал инқилоб бўлиши ҳақида эълон қилиб, кейин эса унинг ҳақиқатан ҳам рўй бергани бирор бир ҳолатни билмайман. Буларнинг бари кулгили ва қайғули», — деди у Deutsche Welle’га берган интервюсида.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: