Швецияга «Эми» довули етиб келди

Шанба куни Швециянинг ғарбий ва жанубий қирғоқларида кучли довул содир бўлди, дея хабар беради Азертадж.
Нидинген оролида шамол тезлиги соатига 33 метргача етиб борди. Вестра-Гёталанд ҳудудида 3 мингдан ортиқ уй электр таъминотисиз қолди, қатор туманларда дарахтлар қулаб тушди, йўлларда узилишлар юз берди, баъзи йўллар вақтинча ёпилди.
Стокгольмда шамол кўчадаги кафенинг томини учириб кетди, Гётеборгда эса дарахтлар автотураргоҳда турган машиналар устига қулади. Лисеберг кўнгилочар боғида довул туфайли аттракционлар ёпилди ва ташриф буюрувчилар эвакуация қилинди. Қутқарувчилар асосан қулаган дарахтлар билан боғлиқ 60 дан ортиқ қўнғироқларга жавоб бердилар.
Ноқулай об-ҳаво ҳаво қатновига ҳам таъсир қилди. Копенгагендаги битта учиш-қўниш йўлаги ёпилди, бу эса Швециянинг SAS авиакомпаниясининг Скандинавия бўйлаб барча рейсларининг кечикишига олиб келди.
Швеция метеорология ва гидрология институти (SMHI) маълумотларига кўра, довул шамоллари мамлакатнинг шарқий ҳудудларига етиб боради, бироқ якшанба куни шамол кучи сусайиши кутилмоқда, бироқ мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ёмғир давом этади.