Германияда уй-жой танқислиги янада авж олмоқда

Германияда уй-жой танқислиги янада авж олмоқда

Германиядаги уй-жой инқирози аввал ўйланганидан ҳам жиддийроқ экани аниқланди. Пестел институтининг янги тадқиқотига кўра, фақатгина Ғарбий Германияда ҳозирги кунда тахминан 1,2 миллионта квартира етишмаяпти. Ҳолбуки, бир йил олдин Германия Ижарачилар иттифоқи бутун мамлакат бўйича уй-жой танқислигини 910 мингта квартира деб баҳолаган эди.
Пестел институти бош иқтисодчиси Маттиас Гюнтер таъкидлашича, “вазият янада кескинлашмоқда”. Унга кўра, уй-жой етишмаслиги меҳнат бозорига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда: корхоналар ишчилар топишда қийналмоқда, кўплаб немислар эса бошқа шаҳарга кўчишга уй топа олмаслик сабабли иш жойини ўзгартиришдан воз кечишмоқда.

Муаммо айниқса Мюнхенда кескин, у ерда Федерал шаҳарсозлик институти маълумотларига кўра, ҳар 10 минг нафар аҳолига 74 та квартира етишмаяпти — бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли икки баробар кўп. Мюнхендан кейинги ўринларда Берлин, Франкфурт ва Гамбург турибди. Шарқий Германияда эса ижара нархлари нисбатан барқарор сақланиб турибди, фақат Лейпциг ва Дрезден каби йирик шаҳарлар бундан мустасно.

Мутахассислар уй-жой сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқишга чақиришмоқда: давлат томонидан фақат ижтимоий эмас, балки оддий ижара уйлари қурилишини ҳам кенг кўламда молиялаштирмасдан туриб, инқирозни енгиш имкони йўқ. Соҳанинг маълумотларига кўра, 2022 йил охиридан буён янги қурилиш лойиҳалари сони 85% га камайган, юқори фоиз ставкалари ва қурилиш материаллари нархининг ошиши эса бозорни паралич ҳолатига олиб келмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: