«Каримберди Тўрамуродни умримда кўрмаганман, мелиса мажбурлади!..»

* «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир…»
Бир мелиса билан судлашган эдим. Менга қарши кўрсатма бергани бир «Зил» ҳайдовчисини олиб келибди. Мелиса унинг «права»сини олиб қўйиб, «Каримберди Тўрамуродга қарши кўрстама берасан, шундан кейин «права»нгни бераман, дебди.
Бахтимга судья ақлли одам эди, тўртта соқоли бор одамнинг ичига мени ўтқизиб қўйиб, «Қайси бири Каримберди Тўрамурод?», деганди «шопир» адо бўлди. Таваккалдан соқоли узунроқ кишини кўрсатди.
Судьянинг «Қасддан нотўғри кўрсатма берганинг учун 10 йилга қамайман», деган эди:
– Юзлаштирса, соқоли бор одамни кўрсатасан, деган эди, билмасам, бу ердагиларнинг ҳаммаси соқолли экан, мен Каримберди Тўрамуродни умримда кўрмаганман, мелиса мажбурлади», – деб йиғлаб юборди.
Мелиса дегани ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди, буни Фарғона мисолида кўрдик.
Директор опага тан бериш керак, ечинтирсалар ҳам, эрини олиб келиб кўрсатсалар ҳам, раҳбарини олиб келиб, кўрсатсалар ҳам бировга туҳмат қилмабди, ваҳоланки юзлаб эркаклар бир дўғ билан гуноҳсиз одамларга қарши кўрсатма бериб ётибди. Тошкентда давом этаётган, адоғи кўринмаётган судда ҳам бунга гувоҳ бўлаяпмиз, номард эркакларни кўраяпмиз…
Айтганча, ўша мелиса ҳалиям мелиса бўлиб ишлаб юрибди. У судда ютқизиб ҳам унга бирор чора кўрилмади. Ички ишлар вазирлигига ҳам мурожаат қилдим, натижа бўлмади. «Қарға қарғанинг кўзини чўқимади…»
Каримберди Турамурод