Трамп томонидан тайинланган судялар унга қарши қарор чиқаришда давом этмоқда

Дональд Трамп томонидан тайинланган судялар президентнинг сиёсий ва ҳуқуқий ҳаракатларига қарши қарорлар чиқаришда давом этмоқда. Бу ҳолат Трампнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Яқинда Трамп томонидан тайинланган судя унинг Миллий гвардия қўшинларини Портленд шаҳрига жойлаштириш режасини рад этди. Шу муносабат билан Трамп шанба куни шундай деди:
“Судьяларни танлаган одамлар менга яхши хизмат қилмади.”
Бу фикр Трампнинг консерватив “Федералистлар жамияти”дан олган “ёмон маслаҳат” ҳақидаги танқидига тўрт ой ўтиб янгради. Ўшанда у савдо сиёсатини кенгайтириш ҳақидаги ҳуқуқий қарорни рад этган судя — яъни унинг ўзи тайинлаган шахс — устидан норозилик билдирган эди.
“Бу унутиш мумкин бўлмаган нарса!” — деб ёзди Трамп Truth Socialда.
Трамп ва унинг иттифоқчилари йил давомида демократик судяларга ҳужум қилиб, уларни “ёлғон исёнчилар” ва “радикаллар” деб атаган бўлсалар-да, энди у ўзи тайинлаган судялардан ҳам қаттиқ рад этишларга дуч келмоқда.
Қарорларнинг кўпчилиги федерал суд тизимининг пастки босқичидаги туман судялари томонидан чиқарилган. Аммо Олий суд даражасидаги уч судя — Нил Горсуч, Бретт Кавано ва Эми Кони Барретт — Трамп сиёсатини бир неча бор қўллаб-қувватлаб, унга қисқа муддатли ғалабалар берган.
Оқ уйнинг баёнотида Трампнинг ютқазган ишлари демократлар томонидан тайинланган судялар билан боғланди, аммо унинг ўзи тайинлаган судялар чиқарган салбий қарорлар ҳақида фикр билдирилмади.
Оқ уй матбуот котиби Абигайл Жексон шундай деди:
“Трамп маъмуриятининг сиёсатлари мисли кўрилмаган миқдорда ҳуқуқий қийинчиликларга дуч келди. Аммо Олий суд уларни доимий равишда қонуний деб топди. Президент Америка халқи овоз берган дастурни амалга оширишда давом этади.”
Шу билан бирга, Трампнинг тарафдорлари таъкидлашича, туман судялари кўпинча сенаторларнинг розилигисиз тайинланмайди, бу эса айрим ҳолатларда судьяларни моʻтадил ёки бетараф бўлишга мажбур этади.
Шунингдек, айрим ҳолларда Трамп тайинлаган судялар нафақат унинг сиёсатини рад этишди, балки ижро ҳокимиятининг чегараларини кенгайтириш ва конституцион мувозанатни бузиш ҳақида жиддий огоҳлантиришлар ҳам берди. Улар ҳатто Трампнинг суд тизимига қарши ҳужумларини очиқ танқид қилди.
Шундай судялардан бири — Томас Каллен — ўз қарорида шундай ёзган:
“Ҳукумат тармоқлари ўртасидаги маълум бир тартибдаги таранглик — конституцион тизимимизнинг табиий қисми. Аммо ижро ҳокимиятининг унга қарши қарор чиқарган судяларни жамоавий тарзда ҳақорат қилиш ва таҳқирлаш ҳаракатлари — бу ҳам мисли кўрилмаган, ҳам афсусланарли ҳолатдир.”
Трамп тайинлаган судялар томонидан маъмуриятга қарши чиқарилган бундай қарорлар унинг иккинчи президентлик муддатидаги энг шов-шувли ҳуқуқий вазиятлардан бири бўлиб қолмоқда.