Метан “заправка”лардаги лимит ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “метан заправкаларга лимит қўйилмоқда” деган хабарлар тарқалди. Кўплаб фойдаланувчилар бу ҳолат ҳақида турлича фикр билдиришди. Аммо “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бу маълумотларни рад этди ва расмий изоҳ берди.
Маълумотда қайд этилишича, метан заправкалар фаолиятини чеклаш ёки уларга лимит жорий этиш ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз. Ҳозирда мамлакат бўйлаб барча метан станциялари белгиланган тартибда ишлаяпти.
“Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида газ таъминоти тизимидаги айрим газ тақсимлаш станцияларида режали профилактика ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шу сабабли қисқа муддатга айрим ҳудудларда газ босими пасайди, натижада баъзи метан заправкалар фаолиятида вақтинчалик узилишлар кузатилди”, — дейилади “Ҳудудгазтаъминот” маълумотида.
Ташкилот таъкидлаганидек, бу жараён табиий ҳолат ҳисобланади ва ҳеч қандай “чеклов” ёки “лимит” билан боғлиқ эмас. Ҳозирда газ таъминоти тизими барқарор ишлаяпти, барча метан “заправка”лар корхоналар билан тузилган шартномалар асосида газ қабул қилмоқда.
Шу билан бирга, компания аҳолини текширилмаган ёки ёлғон маълумотларга ишонмасликка чақирди. “Ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш орқали одамлар орасида саросима ёки шубҳа уйғотиш қонун билан тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган”, — дейилади баёнотда.