Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири, генерал-полковник Рустам Аҳмедов вафот этди, деб Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Марҳум 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида таваллуд топган. 1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини тамомлаган.
У ўз хизмат фаолиятини 1966 йилда танк взводи командири лавозимида бошлаб, кейинчалик катта қўмондонлик лавозимларигача кўтарилган. 1991–1992 йилларда Мудофаа ишлари вазири ва Миллий гвардия қўмондони, 1992–1997 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири сифатида фаолият юритган.
Рустам Аҳмедов нафақат мудофаа тизимида, балки 1997–1998 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазири сифатида ҳам хизмат қилган. 1998 йилда нафақага чиққан, 2018–2020 йилларда мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.
У кўплаб мукофот ва орденлар билан тақдирланган: 1993 йилда “Фахрий ёрлиқ”, 1995 йилда II даражали “Шон-шараф” ордени ва 2018 йилда “Дўстлик” ордени билан.