Сурхондарёликлар республикада биринчи бўлиб пахта режасини бажарди

Миришкор деҳқон ва фермерлар меҳнати туфайли вилоятда 275 минг 600 тоннадан ортиқ “оқ олтин” етиштирилди.
Жорий йилда об–ҳаво шароити ноқулай келгани ва сув танқислиги кузатилганига қарамасдан, сурхонлик деҳқонлар сабот ва тажриба билан меҳнат қилиб, мўл ҳосилга эришдилар.
Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш мақсадида вилоятда 1 минг 277 та терим отряди ташкил этилди. Пахтани қабул шохобчаларига етказиб бериш учун 2 минг 10 та трактор ва 2 минг 965 та тиркама жалб этилди.
Айниқса, бу йилдан бошлаб Сурхондарёда хорижий тажриба асосида юқори ҳосилдор навларни етиштириш синовдан ўтказилиб, айрим ер майдонларида гектарига 80 центнергача ҳосил олинди. Шунингдек, Хитойдан келтирилган 60 та замонавий пахта териш машиналари ҳосилни қисқа вақтда ва сифатли йиғиб олишда катта ёрдам берди.
Миришкорларнинг фидойи меҳнати, кластер ва фермер хўжаликларининг самарали фаолияти натижасида Сурхондарё вилояти пахтачиликда яна бир бор республикада илк ўринни эгаллади. (https://t.me/axborot_xizmati/50217)
Ҳозирда вилоятнинг барча ҳудудларида қолган ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.