Терговчи «райком бува»нинг неварасини бузиб қўйсин!..

Терговчи «райком бува»нинг неварасини бузиб қўйсин!..

                                                              ҲАҚИҚАТ СИНМАЙДИ…МИ?
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида «қайта қуриш», «ошкоралик» деган шиорлар удум бўлди. Биров ундоқ деди, биров бундоқ. Биров адолат ҳақида гапирди, биров минбарга чиқиб, шовқин солди…
Шундай кунлардан бирида ашаддий жинояти учун ўн беш йилга қамаган Турсунбой деган маҳбусдан хат келди. Лўнда қилиб айтганда, хатнинг мазмуни шу эди. Турсунбой қўшнисининг вояга етмаган қизини зўрлагани учун «строгий режимли» қамоққа ҳукм этилган. Чўкаётган одам хасга ёпишади. Аввал қилғилиқни қилиб қўяди-да, чуви чиққанидан кейин «қўй оғзидан чўп олмаган фаришта»га айланади.
Шунақа-ку, хат шу қадар чуқур мантиқ билан ёзилган эдики, «ошкоралик» неъматидан фойдаланиб, ўша маҳбус билан учрашдим.
Турма бошлиғи «артист»ни келтиришни буюрди. Турсунбой хатида йигирма ёшга чиққанини ёзган эди. Рўпарамда эса камида қирқни қоралаб қолган, чакка сочларига оқ оралаган, кўзларида бирор маъно йўқ, лаблари пўрсилдоқ кимса ўтирарди.
Гапни нимадан бошлашни билмасдим. Охир-оқибат энг ўринсиз саволни бердим:
— Сизни нега «артист» дейишади?
Унинг ҳеч нимани ифодаламайдиган юзида бир сония, атиги бир сония истеҳзоли табассум пайдо бўлди.
— Терговда ҳам, судда ҳам ялиниб-ёлвордим, бақирдим, «Тепамда Худо турибди, гуноҳим йўқ», деб дод солдим. Улар «артистлик қилма», дейишди… — Шундай деди-да, тағин ифодасиз ҳайкалга айланди…
Унинг айтишича, воқеа шундай бўлган. Ён қўшнисининг ақли ноқисроқ ўн олти яшар қизини бир номард зўрлаб қўяди. Эртасига Турсунбойнинг собиқ синфдоши, институтда ўқиётган, ёзги таътилга келган Фарҳод боғдаги чойхонада улфатар билан ош еб ўтириб, кеча канал бўйида биттаси билан «мазза қилгани»ни айтиб мақтанади. Бу гапни даврадаги бошқа йигитлар ҳам эшитади. Уч кундан кейин милиция Турсунбойни ҳибсга олади. Юзлаштириш пайтида телбанамо қизалоқ «Мени қоронғида канал бўйига олиб борган шу эди, шекилли», дейди. Вояга етмаган, бунинг устига руҳий касал қизни зўрлагани учун ўн беш йил берадилар. Судга гувоҳ сифатида чақирилган Фарҳод ўша оқшом Турсунбой қизалоқни канал томонга етаклаб кетаётганини кўрганини айтади…
Фарҳоднинг отаси туманнинг «каттаси» — «райком бува» экан. Тоғаси прокуратурада ишаркан. Турсунбойнинг отаси эса оддий тракторчи бўлган…
Тракторчининг адолат излаб, елиб-югуришлари шу билан тугайдики, кеч кузнинг туманли кечасида трактор йўлдан чиқиб, зовурга тушиб кетади. Тракточининг оёғи синади. Икки прицепдаги пахта лойга қоришиб, сифати бузилади. «Социалистик мулк»ни қасддан лойга ботиргани учун уни уч йилга ҳукм қиладилар. Шунда «райком бува» ўртага тушиб, «оталик» қилади: қамоқни шартли жазо билан алмаштиришга эришади…
— Менга барибир, — деди Турсунбой ўта осойишта оҳангда. — Агар ҳозир терговчи келиб, «ўнта қизни зўрлагансан, бешта одамни ўлдиргансан», деса, индамай қўл қўйиб бераман.
— Наҳотки сизга ҳаммаси барибир бўлса, наҳот бирор ниятингиз бўлмаса? — деган эдим, узоқ ўйланиб қолди. Сўнг жавоб қилди:
— Ниятим бор. Худодан тилагим шуки, Фарҳод менинг «айбимни бўйнимга қўйган» терговчининг қизини зўрласин. Терговчи «райком бува»нинг неварасини бузиб қўйсин. Аммо улар қамалмасин, аввалгидек апоқ-чапоқ бўлиб юраверсин! Бошқа гапим йўқ!
Турсунбой масаласида отаси билан гаплашдим. Изиллаб йиғлайди! «Олти қиз ичида биттагина ўғил эди, Худодан тилаб-тилаб олганим учун Турсун деб исм қўйгандим, менинг болам унақа номард эмасди», дейди.
…Олий судга мурожаат қилдим. «Строгий режим»га кесилганлар масаласини фақат Москва ҳал қиларкан… Москвага хат ёзишдан маъно йўқ эди. Бу пайтда марказнинг аллақандай «майда-чуйда» ишлар билан ўралашишга вақти йўқ, улар «тарихда қоладиган» «ўзбек иши» бўйича минглаб одамларнинг «айбини бўйнига қўйиш»дек муҳим юмуш билан овора эди…
…Орадан икки йилча ўтиб, Турсунбойнинг отасидан хат келди. Ўғли қамоқда ўзини осиб қўйибди. «Боламни ўзимизнинг хилхонамизга қўяйлик», деб ялиниб борса, майитни беришмабди. Тартиб шунақа экан…
Орадан уч йил ўтиб-ўтмай Истиқол рўй берди. «ўзбек иши» бўйича «жонажон совет ватанининг» бепоён саҳроларию, гадой топмас ўрмонларига бадарға қилинган бегуноҳларнинг ҳаммаси шахсан Президентнинг қатъий талаби билан ўз юртига қайтарилди.
Ўткир Ҳошимов
Дўстларингизга ҳам юборинг: