
Президентнинг топшириғига мувофиқ, 15-октябрдан бошлаб бутун Ўзбекистон ҳудудида умумреспублика тозалик ва ободонлаштириш ойлиги бошланади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ой давомида мамлакатнинг барча ҳудудларида — маҳалла ва қишлоқлардан тортиб шаҳар марказларигача — тозалик, ҳудудларни обод қилиш ва экотартибни таъминлаш ишлари амалга оширилади.
Тозалик ойлигида кимлар иштирок этади
Ташкилотчиларнинг айтишича, акцияда давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, ёшлар ва волонтёрлар кенг миқёсда қатнашади. Мактаб ва боғчалар, кўчалар, аҳоли турар жойлари, боғ ва дам олиш ҳудудларида оммавий ҳашарлар ташкил этилади.
Шу билан бирга, ёш эко-фаоллар ва волонтёрлар иштирокида махсус “плоггинг” тадбирлари — яъни югуриш билан бирга чиқиндиларни йиғиш акциялари ўтказилади. Экология вазирлиги раҳбарияти, маҳаллий ҳокимиятлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам шахсан иштирок этиб, шахсий намуна кўрсатишлари кутилмоқда.
Экологик назорат кучайтирилади
Ой доирасида Бош прокуратура, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Экология вазирлиги ҳамкорлигида махсус штаблар ташкил этилади. Улар ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда экологик назоратни кучайтиради, жамоатчиликка ҳар кунлик ахборот бериб боради.
Бундан ташқари, тозалик ойлиги давомида экологик ҳуқуқбузарликларга қарши доимий рейдлар ташкил этилади. Экология вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда республиканинг барча ҳудудларига ўрнатилган онлайн кузатув камералари орқали назорат янада кучайтирилади.
Мақсад — тозаликни одатга айлантириш
Экологлар фикрича, бу ташаббус нафақат атроф муҳитни тозалашга, балки аҳолида экологик маданиятни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. “Тозаликни бир кунлик эмас, ҳар кунлик одатга айлантириш – асосий мақсадимиз”, — дейилади вазирлик баёнотида.